3881

Пак Кин Хенинг айби расман тасдиқланди

Дунё 17 апрель 17:05 448

17 апрель куни Жанубий Корея прокурорлари мамлакатнинг собиқ президенти Пак Кин Хени бир неча иш, жумладан, порахўрлик бўйича расман айбдор деб топди. Бу ҳақида “Yonhap” агентлиги хабар берди. Шунингдек, “Lotte Group” раиси Син Дон Бин ҳам айбдор дет топилган.

Маълумотларга кўра, Пак Кин Хега 14 та пункт бўйича айб қўйилган. Улар орасида учинчи шахс ёрдамида пора олиш, ўз мансабини суиистеъмол қилиш, давлат сирини ошкор этиш каби пунктлар бор. Хабарларга қараганда, Пак Кин Хе Samsung ва Lotte каби йирик корпорациялардан 52 миллион доллардан ортиқ пора олган.

Lotte Group раиси ҳам учинчи шахс ёрдамида порахўрлик бўйича айбланмоқда. Аммо корпорация раҳбари ҳибсга олинмаган.

Манбаларда келтирилишича, Пак Кин Хе дугонаси Чой Сун Силь билан биргаликда йирик маҳаллий компаниялардан 68 миллион доллар миқдорда пул ундиришмоқчи бўлган. Корпорациялар Чой Сун Силь бошчилигидаги ташкилотлар ҳисобига пул ўтказиб беришган.

Айни пайтда Пак Кин Хе, Чой Сун Силь ва Samsung раҳбари Ли Жейон ҳибсда бўлиб туришибди.

17 апрелдан Жанубий Кореяда расман сайловолди ташвиқот тадбирларига старт берилди. Сайлов кампанияси 9 май, яъни сайлов кунигача давом этади. Ҳокимиятнинг юқори лавозимига 15 нафар сиёсатчи номзодлик қилишмоқда.

Маълумот учун, Жанубий Кореяда айни вақтда президент вазифасини бош вазир Хван Гё Ан бажармоқда.

Изоҳ билдириш