3546

АҚШ Шимолий Кореяга зарба беришга тайёр

Дунё 14 апрель 11:44 344

КХДР ҳукумати янги ядровий синовни амалга оширишга тайёрланар экан, АҚШ армияси бунинг олдини олиш учун олдиндан ҳужумга ўтиши мумкин. Бу ҳақда NBC хабарига асосланиб, Telegraph нашри маълум қилди.

NBCнинг разведкадаги манбалари Шимолий Кореяга қарши одатий қуроллар ишга солиниши мумкинлигини маълум қилган. Америкаликлар КХДРнинг шу ҳафтада навбатдаги ядровий синовни амалга оширишини тахмин қилишмоқда. Шимолий кореяликлар 2006 йилдан бери 5 марта ядровий синов ўтказган бўлиб, 15 апрел куни КХДРнинг олтинчи ядровий синови амалга оширилиши мумкин.

Сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар Шимолий Кореянинг ядровий тадқиқотлар ўтказиладиган базасида янги синов учун тайёргарлик кўрилаётганидан дарак бермоқда. 15 апрел куни КХДР асосчиси Ким Ил Сонг таввалудининг 105 йиллигини катта тантана билан нишонлашга зўр бериб ҳозирлик кўрилмоқда. Бу сана ҳар йили «Қуёш куни» сифатида шимолий кореяликлар томонидан нишонланади.

Сўнгги икки ҳафта давомида АҚШ армиясиннинг дунёнинг турли мнжтақаларидаги фаоллиги ошган. Ўтган ҳафтада Ўртаер денгизидаги ҳарбий кемалардан Суриянинг Шайрат ҳарбий базасига ракета зарбаси берилган эди. Мазкур ҳужум АҚШ давлат котиби томонидан Шимолий Корея учун ҳам огоҳлантириш дея баҳоланган. Куни кеча Афғонистондаги ИШИД бункерини йўқ қилишга тарихдаги энг қудратли ноядровий бомбадан фойдаланилган. «Бомбалар онаси» лақабини олган қудратли қурол илк маротаба ҳарбий ҳаракатларда синовдан ўтказилган.

Ўтган ҳафта охирида Пентагон Корея яриморолига «Карл Винсон» ҳарбий кемалар гуруҳини жўнатган эди. Япония ҳукумати ўзининг ҳарбий кемалари АҚШ қўшинларига қўшилишини эълон қилган. Хитой армияси эса 160 минг кишилик қўшинни Шимолий Корея билан чегара яқинида жойлаштиргани хабар қилинган.

NBC хабарига кўра, Tomohawk ракеталари билан жиҳозланган иккита ҳарбий кема Шимолий Кореянинг ядровий базасидан 300 мил (483 км) масофада турибди. Америка ракеталари бундай масофадан КХДР базасини нишонга олиш қудратига эга. Исми ошкор этилмаган манбанинг таъкидлашича, агар зарурат туғиладиган бўлса, Шимолий Кореяга ҳужум қилиниши мумкин.

Изоҳ билдириш