22445

Самарқандлик фермерлар: пахта режасини бажариш мусобақа, шон-шуҳрат эмас

Жамият 1 ноябрь 9:01 467

Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи бир гуруҳ фермер хўжаликлари раҳбарлари «Зарафшон» газетасида «Ёлғон рақам даромад эмас» сарлавҳали мақола орқали пахта режасини қўшиб ёзиш ҳолатига муносабат билдирди.
Мақолада ёзилишича, улар 30 октябрь куни мамлакат бош вазири А.Арипов олиб борган пахтани ёғин-сочин кунларга қолмай йиғиб-териб олишга бағишланган фавқулодда селектор йиғилишида иштирок этишган.
«Очиғи, йиғилишда айтилган гапларни тинглаб, суяги пахта далаларида қотган ва соҳада кўп йиллик тажрибага эга деҳқон-фермер сифатида бир жиҳатдан, уятдан юзимиз қизарди, иккинчи жиҳатдан, бундай қинғирликларни фош этган Президентимизга раҳмат айтдик», — дейилади мақолада.
Муаллифлар бу йил тарози жойлари ва пахта заводларида жамоатчилик назорати, электрон кузатувлар йўлга қўйилганини, пахта режасини бажариш бу – мусобақа, шон-шуҳрат эмаслигини, унинг замирида қишлоқ аҳлининг, қолаверса, бутун давлатнинг даромади, фаровонликнинг манбаи турганлигини таъкилашади.
«Ҳосилни увол қилиш, режа ижросига қўшиб ёзиш ўз оёғига болта уриш билан баробар. Биз бундай ножўя ҳаракатни қаттиқ қоралаймиз ва ҳамкасбларимизни бу хил нопокликка йўл қўймасликка чорлаймиз», дея якунланади мақола.

Изоҳ билдириш