21749

Баҳодир Низамович: 2017 йил ички ишлар органлари учун энг эсда қоларли ва унутилмас давр бўлиб қолади

Жамият 25 октябрь 12:39 678
Фото: mvd.uz

2017 йил ички ишлар органлари учун энг эсда қоларли ва унутилмас давр бўлиб қолади, Ўзбекистон президенти топшириқлари асосида ички ишлар тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилди, Ўзбекистон ИИВ дунёнинг энг ривожланган давлатлари ички ишлар тизимлари сифатида шакллантирилмоқда, деб таъкидлади Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Баҳодир Низамович Қурбонов касб байрами муносабати билан ўтказилган тадбир давомида.

Қурбонов ўз нутқи давомида президент томонидан алоҳида эътибор, ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий муҳофазаси соҳасига қаратилиб, бу борада ички ишлар органлари ходимларига муносиб шарт-шароит яратиб бериш долзарб вазифа этиб белгиланлигини таъкидлаб ўтди.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўз хизмат вазифасини бажаришда, садоқат, алоҳида жонбозлик кўрсатган ходимдарга Ўзбекистон ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов буйруғига асосан унвон ва фахрий ёрлиқларни, шунингдек, қимматбаҳо эсдалик совға — ИИВ қўл соати ва уяли алоқа телефонларини топширди.

ИИББ раҳбари мукофотланганларга келгуси ишларида омад тилаб, тўпланганларга шарафли ва шу билан бирга масъулиятли касбларида омадлар тилади.

«Милиционер касби — олийжаноб касб. Бу касбни севган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Мен сизларга устозларимиз айтган бир гапни айтиб ўтай. Нафақага чиқамиз-а, бу энг катта ютуқ. Нафақага чиққанимизда фарзандларимиз биздан «Ота сиз нима қилдингиз шу давлат учун, маҳалламиз учун, оиламиз учун?» деб савол берганида, «Мен газандани ушлаганман, мен жиноятчини қамаганман, мен кишиларнинг оғирини енгил қилганман» дея олижаноб жавоб бериш қобилиятга эгасиз. Бу қобилиятни ҳеч қачон бой бермайлик, Президентимизни, давлатимизни ишончини ҳеч қачон йўқотмайлик», — деди генерал-майор Қурбонов.

ИИББ раҳбари ўз нутқи давомида, шунингдек, яқин келажакда барча ички ишлар бўлимларига 70та «Дамас» автоуловларини харид қилиш ва уларни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш режалаштираётганини маълум қилди.

Изоҳ билдириш