21370

Тошкентда профилактика инспекторларига квартира ва машиналар топширилди (фото)

Жамият 23 октябрь 9:23 445

Тошкентда Амир Темур хиёбонида 150 нафар таянч пункти профилактика инспекторларининг тантанали қасамёди ҳамда уларга хизмат уйлари ва шахсий автомашиналарини тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди.

Унда Сенат раиси, бош прокурор, Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, шунингдек профилактика инспекторларининг ота-оналари ва яқин қариндошлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Сенат Раиси Ниғматулла Йўлдошев профилактика инспекторларини бугунги тадбир билан қутлар экан, «Инспекторлар Ички ишлар вазирлигининг маҳалладаги вакили эмас, балки маҳалланинг Ички ишлар вазирлигидаги вакилига айланмоғи лозим», — дея таъкидлади.

Машина ва турар-жой калитларини қабул қилиб олган профилактика инспекторлари Ўзбекистон тинчлиги ва фаровонлиги йўлида бундан кейин ҳам садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни давлатимиз раҳбари профилактика инспекторларини хизмат вазифасини бажараётган ҳудудда хизмат уйлари билан таъминлаш дастурини тасдиқлади.

2018 йил сўнгига қадар мамлакатнинг барча ҳудудларида 1327 та хизмат квартираси ва 3829 та хизмат уйлари тақдим этилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, профилактика инспекторларига берилган уйлар ХИЗМАТ УЙЛАРИ ҳисобланади. Матиз автомашиналари учун эса олдиндан 15% тўлов, кейинчалик 10 йил муддатга 14% дан тўлов, профилактика инспекторларининг ўзлари томонидан амалга оширилади.

Изоҳ билдириш