21226

Тошкентда кузатилган кучли шамол туфайли бир киши ҳаётдан кўз юмди

Жамият 20 октябрь 9:21 498

2017 йилнинг 17 октябрь куни Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида 9 дан 32 гача м/с тезликда шамол бўлганлиги кузатилди. Кучли шамол оқибатида айрим маъмурий бинолар ва уйларнинг том қисмларига зарар етган. Дарахт шохларининг синиб тушиши сабабли баъзи фуқароларнинг автотранспорт воситаларига шикаст етган, автомобиль йўлларида тирбандликлар юзага келган.

ФВВ матбуот хизматининг хабар беришича, пойтахт Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида электр линияларининг узилиши туфайли электр энергияси таъминотида вақтинчалик узилишлар содир бўлган.

Дарахт шохининг синиб тушиши оқибатида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида истиқомат қилган фуқаро Г.И. турли даражада тан жароҳати олган ва шифохонага ётқизилган. Тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай у шифохонада вафот этган.

Маҳаллий бошқарув органлари, авария-қутқарув хизматлари томонидан юзага келган вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилгани қайд этилди.

Кучли шамол оқибатида бинолар конструкциясининг шикастланиши, фуқаролар томонидан олинган жароҳатлар тўғрисида маълумотлар аниқланган тақдирда «1050», шунингдек, 245 24-66, 245 24-77 телефон рақамлари орқали хабар бериш сўралган.

Изоҳ билдириш