20617

Долларга хизматга чиққан хонандалар жавобгарликка тортилди

Жамият 13 октябрь 12:43 2 527

Дастлаб Андижон вилояти давлат солиқ бошқармасидан олинган маълумотларга эътиборингизни тортамиз:

“Андижон шаҳри давлат солиқ инспекциясининг буйруғига асосан ўтказилган рейд тадбирида Асака тумани Сарбонтепа маҳалласида яшовчи фуқаро Фурқатбек Қосимов тўй маросимида хонандалик хизмати учун 500 АҚШ доллари олиб, нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўйган.

Андижон шаҳри Султонжўра маҳалалси Шохрухмирзо кўчасида яшовчи фуқаро Умидбек Зафаров тўй маросимида хонандалик хизмати учун 300 АҚШ доллари олиб, нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўйган.

Андижон тумани Хортум маҳалласида яшовчи фуқаро Расулжон Мамажонов хонандалик хизмати учун 200 АҚШ доллари олиб, нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўйган.

Уларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси тузилди.”

Энди Президентимизнинг 2017 йил 2 cентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгилаб қўйилган бандга эътибор беринг:

“Товар (иш ва хизмат)лар учун тўловларни чет эл валютасида амалга ошириш тақиқланади… товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар фақат миллий валютада белгиланади.”

Валюта соҳасининг тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш мақсадида имзоланган Фармон давлат бюджетининг мутаносиблигини таъминлаш орқали пул массаси ҳаддан зиёд ўсишининг олдини олишга қаратилганлигини бугун ҳаммамиз билмоғимиз шарт. Кундалик ҳаётимизни концерт-томошаларсиз тасаввур этолмаймиз. Халқимиз доимо “Тўйлар устига тўй бўлсин!” дея яхши ният қилади. Ҳар бир соҳа ва йўналишда бўлганидек санъат тарғиботида ҳам белгиланган меъёр ва тамойиллар мавжуд.

Вазирлар Маҳкамасининг “Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (2015 йил 9 декабр) билан тасдиқланган “Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомда тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга ресторанлар, барлар, қаҳвахоналар ва хусусий уйларда концерт хизмати кўрсатиш шу жумладан, кўнгилочар ташкилотларда (клублар, дискотекалар, ресторанлар, барлар ва қаҳвахоналарда) концерт хизмати кўрсатиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлиши шарт. Ўзбекистонда эстрада ижодкорлари аҳолига маданий хизмат кўрсатишдан топадиган даромадлари бўйича солиқ тўлаш мажбуриятидан озод қилинган. Хонандаларимиз ўзининг гастрол-концерт фаолиятини амалга ошириш учун бир йилда бир марта белгиланган тартибда маълум миқдордаги маблағни тўлаб, лицензия оладилар.

Ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 180-моддаси биринчи қисми 8-бандига асосан, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган шахслар – ушбу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тўлиқ озод қилинган.

Низомда концерт-томоша тадбирларида, тўй ва бошқа тантаналарда артистнинг одоб-аҳлоқ нормаларига, саҳна ва ташқи кўриниш маданиятига зид бўлган ҳатти-ҳаракатлар қилишини ҳамда маънавиятга салбий таъсир кўрсатувчи ва томошабинларнинг ҳис туйғуларини хақорат қилувчи, ахлоқсизлик ғояларини тарғиб қилишни истисно этган ҳолда миллий менталитетга, қадриятлар ва урф-одатларга мувофиқ бўлган қўшиқларни ва улар бўйича яратилган видеоклипларни ижро этишлицензия олишнинг асосий талаблари ва шартларидан ҳисобланади. Демак, эл хизматига отланган хонандаларимиз ва уларга кўмакдошу камарбасталар мана шундай меъёрларни билишлари зарур.

Аксарият хонандалар ижтимоий суғурта бадали сифатида бир йил учун тўланадиган пулни битта тўй ёки бошқа тадбирнинг ўзидан топади. Яратилган шунча имконият ва имтиёзларга қарамасдан давлат олдидаги мажбуриятларини адо этишга масъулиятсизликқилинишини қандай изоҳлаш мумкин?

Энди мана шундай талаблар сирасига валюта муомаласига риоя қилиш ҳам қўшилди. Санъаткору хонандаларимиз ёки уларнинг номидан келишувларни амалга оширувчи маъмурлар томонидан ҳорижий валюта билан муомала қилиш ҳолатлари, минг афсуски учраб турибди. Фурқатбек, Умидбек, Расулжон сингари маъмурлар буни чуқур англаганларида эди, ижодий гуруҳларнинг парвозига андак соя солиб қўймаган бўлур эдилар.

Шухратбек Эгамназаров

Изоҳ билдириш