19848

Баракалла, бунақаси ҳали бўлмаган!

Жамият 4 октябрь 16:09 1 405

Ўзбекистонлик ёш келин-куёв тўйи куни меҳрибонлик уйлари болалари учун байрам уюштирди. Бу ҳақида Facebook’даги гуруҳларда фотохабарлар қолдирилган.

Хабарларда куёвнинг исми Беҳзод, келиннинг исми эса Дилафруз экани маълум қилинган. Тўй қачон, қаерда бўлганига аниқлик киритилмаган.

Суратларда тўйхонага йиғилган кўп сонли болаларни кўриш мумкин. Бир суратда ёш келин-куёв қўлида болалар билан акс этган.

 

Facebook’даги фотохабарлар остида изоҳ қолдирганлар ёшларнинг меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларга кўрсатган меҳрибончилигини олқишлаган. «Баракалла!», «Бахтли бўлинглар!» каби комментларни кўплаб учратиш мумкин.

«Куёв боланинг онаси ўғил туғиб, эркак қилиб тарбиялапти. Аввало ота-онасига раҳмат!», — деб ёзган фойдаланувчилардан бири. У каби келин-куёвнинг ота-онасига раҳмат айтганлар кўплаб топилади.

«Баракалла, бунақаси ҳали бўлмаган! Катта бахт ва саодат тилайман! Келин болага ҳам гап йўқ, ҳамма қизлар ҳам бунақа тўйга кўнмайди», — деб фикр билдирган ёшларни табриклаган аёллардан бири. Кўпчилик уларга ҳаваси келаётганини ҳам тан олган.

Бир гуруҳ фойдаланувчилар Беҳзод ва Дилафрузнинг бу қарори дабдабали, хўжакўрсинга тўй ўтказиш ниятидагилар учун ҳақиқий ибрат эканини таъкидлаган. «Қорни тўқ қариндошларни тўйдиргандан, шундай байрам ўтказган яхши», — деб ёзади улардан бири.

Изоҳ билдириш