19341

Самарқандлик фуқоро МИБ ходимини дўппослади (видео)

Жамият 2 октябрь 10:32 654

Афсуски, айрим фуқаролар томонидан қонун талабларига риоя қилмасдан, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учрамоқда. Бу ҳақида «Ўзбекистон24» хабар берди.

Самарқанд вилояти Булунғур тумани “Гулзор” маҳалласида истиқомат қилувчи Фахриддин Турсуновнинг электр энергиясидан 7 миллион сўмдан зиёд қарздорлиги аниқланиб, Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан хонадонни тармоқдан узаётган вақтида Турсунов давлат инспектори Тошматовни ҳақоратлаб, турли тан жароҳатлари етказган.

Шунингдек, Пайариқ туманидаги “Чол Мўйин” маҳалласида яшовчи ота-бола Бахтиёр ва Баҳром Қиличовлар савдо дўконида ўғринча йўл билан электр симини тортиб, ноқонуний фойдаланиб келаётгани Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан фош қилингач, ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнида дўкон эгалари таёқ, тош ҳамда қўл-оёқ билан МИБ ходимларига тан жароҳати етказишган.

Пастдарғом тумани “Новчандир” маҳалласида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди. Бюро ходимлари Сойибжон Жумоновни электр энергиясидан қарзи борлигидан огоҳлантириш мақсадида хонадонига кирганда уй эгаси томонидан турли уятсиз сўзлар билан ҳақоратланган. Шунингдек, уй эгаси бюро ходимининг юз қисмига мушт туширган.

Айни вақтда юқоридаги холатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун: Жиноят кодексининг 219-моддасида хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш, 140-моддасида эса ҳақорат қилган учун энг кам ойлик иш ҳақининг 600 баравари миқдорида жарима белгиланган.

Изоҳ билдириш