19285

Нью-Йоркда бедарак йўқолган ўзбекистонлик 55 кундан сўнг топилди

Жамият 29 сентябрь 22:16 704

Шу йилнинг 3 августида Нью-Йорк шаҳрида йўқолиб қолган ўзбекистонлик Собиржон Аҳмедов топилди. Бу ҳақда Hozirchashu.com хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, 1958 йилда туғилган Аҳмедов Нью-Йоркка келган куни бедарак йўқолган. У Нью-Йорк аэропортидан Манхеттенга, автошоҳбекатга ташриф буюради. Огайо штати Цинциннати шаҳарчасига автобус учун чипта харид қилади. (Аҳмедовнинг фарзандлари Огайо штатида истиқомат қилишади). Автобус кетишига бир оз вақт бўлгани сабабли автошоҳбекат ёнини бир оз айланиш мақсадида соат 20:30лар атрофида кўчага чиқади ва бедарак кетади.

Унинг йўқолганлиги АҚШдаги ўзбекистонликларни бефарқ қолдирмади. Нью-Йорк полицияси билан биргаликда бир қатор кўнгиллилар Манхеттен кўчалари бўйлаб қидирув ишларини бошлаб юборди.

27 сентябр куни унинг шаҳар касалхоналаридан бирида эканлиги ҳақида хабар тарқалди.

Сайтда ёзилишича, 6 август куни (С.Аҳмедов 3 август куни йўқолган) куни касалхона яқинидан ўтувчи йўл четида беҳуш ётган инсон ҳақида хабар келиб тушади. Тез ёрдам машинасида бош суяк қисми, чап елка ва чап қовурғаларнинг ёпиқ синиши жароҳати билан «номаълум шахс» касалхонага олиб келинади.

Шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтади. Аммо бемор ўзига келмайди.

Бемор 35-40 кундан сўнг ўзига келади. Аммо вазиятни тушунтиришга ва ўзи ҳақида маълумот беришга ожизлик қилади. У касалхонада даволанишда давом этади ва 27 сентябр куни исм-фамилиясини қоғозга ёзиб беради.

Ҳамшира Айеша Ариф кирилл ёзувидаги нотаниш ҳарфлар унинг яқинларини топиш учун «калит» бўлиши мумкинлиги ҳақида тахмин қила бошлайди ва ёзувни «google» қидирув тизмида текшириб кўради.

Қидирув тизимида пайдо бўлган ёзувлар тушунарсиз бўлса-да, у ердаги суратлар ҳамширага таниш эди. Ёзувларни «онлайн» инглиз тилига ўгиради ва С. Аҳмедовни яқинлари қидираётгани ҳақида тушунади ҳамда шаҳар полициясига хабар беради.

Шифокорнинг тахминича, С.Аҳмедов йўл-транспорт ҳодисаси сабабли жароҳат олган бўлиши мумкин.

Ҳозирда унинг аҳволи анча яхши. Шифокорлар кейинги ҳафтада кичик жарроҳлик амалиёти амалга оширилиши ҳақида айтиб ўтди.

Изоҳ билдириш