18896

Жасур Иброхимовнинг Суд мажлиси бўлиб ўтди

Жамият | Ўзбекистон 26 сентябрь 22:06 1 112
Фото: KUN.UZ

Аввал хабар берилганидек, бугун, 26 сентябрь куни Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судида П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежининг 2-курс талабаси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими юзасидан очилган жиноий иш бўйича дастлабки суд эшитуви бўлиб ўтди.

Судья Матчанов Матчонбой раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида жабрланувчилар (марҳумнинг онаси) Нилуфар Алиева ва отаси Маҳамаджон Турсунов ҳамда уларнинг адвокати Исмаилова, судланувчи Тўлаганов Исломбек ва унинг адвокати Тохиров, давлат айбловчиси, адлия кичик маслаҳатчиси Бахтиёр Акромов бевосита иштирок этишди.

Бундан ташқари, суд мажлиси очиқ тарзда ўтгани сабабли унда фуқаролар ҳамда ОАВ вакиллари ҳам қатнашди, дейилади «Кун» хабарида.

Эслатиб ўтиш керак, мазкур иш бўйича тергов жараёни 2017 йил 29 август куни ниҳоясига етказилган ва мавжуд материаллар жиноий ишлар бўйича Миробод туман судига оширилган эди.

Бугунги мажлисда жабрланувчининг онаси Нилуфар Алимованинг кўрсатмалари тингланди. Адвокатлар ва прокурор томони турли саволлар билан воқеликка ойдинлик киритишди. Шундан сўнг, жабрланувчининг отаси Маҳамаджон Турсунов кўрсатмалари тингланди. У рафиқаси Алимованинг кўрсатмаларини тасдиқлади.

Навбатдаги суд мажлиси 29 сентябрь кунига белгиланди.

Изоҳ билдириш