18778

Шавкат Мирзиёев Татаристон раҳбарини қабул қилди (видео)

Жамият 26 сентябрь 11:44 595

Татаристон Президенти Рустам Миннихонов бугун пойтахтимизда жойлашган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди.

Халқаро ҳамкорлик марказида ташкил этилган Ўзбекистон – Татаристон ишбилармон доиралари вакиллари қўшма бизнес-форумида қатнашди.

Шунингдек,мартабали меҳмон бугун Тошкентда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида мамлакатимизда истиқомат қилаётган татар миллатига мансуб юртдошларимиз билан учрашди, Татаристон санъат усталари иштирокидаги концерт дастурини томоша қилди.

Татаристон Президенти ташриф чоғида  “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилди. Темурийлар тарихи давлат музейи экспонатлари билан танишди.

Рустам Миннихонов кеча Самарқанддаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мангу қўним топган масканни зиёрат қилди. Буюк Юртбошимиз қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.

Татаристон Президенти буюк давлат ва сиёсат арбоби бўлган Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон Республикасининг асосчиси сифатида унинг тараққиёти йўлида улкан ишларни амалга оширган йирик тарихий шахс эканини таъкидлади. Унинг раҳнамолигида юртимизда аждодларимиздан мерос тарихий-маданий обидаларни асраб-авайлаш, миллий қадриятларимизни тиклаш ва улуғлаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилганини қайд этди.

Меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътибори туфайли бу ерда қисқа фурсатда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўзлаб берилди.

Ёдгорлик мажмуасининг миллий меъморлик анъаналари асосида бунёд этилаётгани ва бу ерда зиёратчилар учун кенг қулайликлар яратилаётгани меҳмонда катта таассурот қолдирди.

Татаристон Президенти Ўрта Осиёда қурилган биринчи масжид – Ҳазрати Хизр масжиди билан ҳам танишди. 1 минг 300 йиллик тарихга эга ушбу обиданинг яратилиши ва уни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди.

Юқори мартабали меҳмон шаҳардаги Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва Мирзо Улуғбек расадхонасини томоша қилди. Мазкур иншоотларнинг ҳар бири халқимизнинг бой ўтмиш ва қадимий маданиятга эга эканидан далолат беришини қайд этди.

Дунёга машҳур Сиёб деҳқон бозоридаги тўкин-сочинлик, шарқона савдо маданияти ҳам татаристонлик меҳмонда катта таассуруот қолдирди. Серқуёш заминимизда етиштирилган ноз-неъматлардан татиб кўриб, бу маҳсулотлар Татаристон бозорларида ҳам жуда харидоргир эканини таъкидлади.

Имом Бухорий мажмуаси зиёрати Татаристон Президенти учун Самарқандга ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Бу ерда юқори мартабали меҳмонга юртимизда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломалар, муҳаддис боболаримиз маънавий мероси ҳақида сўзлаб берилди. Президентимиз ташаббуси билан айни пайтда мажмуа яқинида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилаётгани муқаддас ислом динининг эзгу ғоялари ва маърифий аҳамиятини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга хизмат қилади.


Изоҳ билдириш