18381

Абдулазиз Комилов Нью-Йоркда ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдан ташқари мажлисида иштирок этди

Жамият 21 сентябрь 16:43 393

2017 йилнинг 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдан ташқари мажлисида иштирок этди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

ШҲТнинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммитидан кейинги биринчи мажлис Хитой Ташқи ишлар вазири Ван Йи раислигида ўтказилди ва унда ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Сушма Свараж (Ҳиндистон), Ҳаважа Моҳамад Асиф (Покистон), Эрлан Абдилдаев (Қирғизистон), Қайрат Абдрахманов (Қозоғистон), Сергей Лавров (Россия), Сирожиддин Аслов (Тожикистон) ва Абдулазиз Комилов (Ўзбекистон) иштирок этди. Мажлис давомида ШҲТни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилишлари нуқтайи назаридан муҳокама қилинди ва халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Вазирлар ШҲТнинг БМТ ва бошқа кўп томонлама ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини ҳам кўриб чиқдилар.

Мажлис якунларига кўра, Кенгашнинг ахбороти ва ташкилотнинг жорий фаолиятига доир масалалар юзасидан қатор қарорлари қабул қилинди.

Изоҳ билдириш