18316

Тошкентда Вебстер университетининг филиали очилади

Жамият 21 сентябрь 13:08 416

Тошкент шаҳрида АҚШнинг Вебстер университети филиали очилади. Бу АҚШ олий ўқув юртининг МДҲ мамлакатларидаги биринчи тўлақонли филиали бўлади. Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида 20 сентябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган Ўзбекистон – АҚШ бизнес форумида тегишли келишув имзоланди.

Филиалнинг очилиш санаси ва бошқа тафсилотлар ҳозирча номаълум.

Форум якунида АҚШ компаниялари билан умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг бўлган йирик ҳужжатлар тўплами, жумладан, «General Electric» ва «Honeywell» корпорациялари билан нефть-газ ва нефть-кимё соҳаларида, «CNH Industrial», «John Deere» ва «Caterpillar» компаниялари билан машинасозлик соҳасида, «OSI Systems» ва «Lutron» компаниялари билан электротехника соҳасида, «Boeing» компанияси билан фуқаро авиацияси соҳасида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Америка – Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компанияси раҳбарлари иштирок этди.

Изоҳ билдириш