18268

Ўзбекистон ҳақида хеч нарса билмаган тадбиркор

Жамият 21 сентябрь 9:38 614

Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида ҳикоя қилишдан олдин Аҳмет ҳаёти, қандай бизнесмен бўлгани ва шу кунгача риоя этиб келадиган тамойилларига тўхталди.

Миллионлаб инсонларни ҳар куни ҳаракатга келтирувчи куч нима? Ҳар кимнинг амалга оширишни истайдиган ўз ғоялари, режалари бор. Рақобат мана шу тарзда юзага келади: ҳамма биринчи бўлишни истайди.

Лекин биринчи ёки иккинчи бўлиш – асосийси эмас. Муҳими ўз ўрнини топиш ва охирида қолиб кетмаслик. Бунинг учун эса мунтазам меҳнат қилиш ва натижага эришиш керак.

Темир – оилавий касб

“Демир” – темир сўзининг туркча талаффуз қилинишидир. Аҳметнинг отаси, Рамазон Демир бир умр арматура савдоси билан шуғулланган. Аввал у темир олиб-сотарди. Кейин ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Аҳмет кичиклик пайтидаёқ, кечки овқатдан кейин стол атрофида у, акаси ва отаси қолишарди. Кечгача улар бизнес ҳақида суҳбатлашишар, ишлаб чиқариш, фойда хусусида баҳслашардилар. Шу зайлда, олти ёшидаёқ Аҳмет бизнес юритиш асосларини тушуниб олди.

– Бу менга жуда ёрдам берди, бугунга келиб у ёки бу бизнес билан шуғулланиш ҳақида тезкор қарор қабул қила оламиз. Отам керакли техникани сотиб олгач, биз автомобиль йўллари учун тўсиқлар ишлаб чиқара бошладик. Уларни давлат сотиб оларди, музокараларни мен олиб борардим. Давлатга бориш қийин бўлган, нон-сув ҳам топилмайдиган чекка жойларда барьерлар ўрнатиш зарур эди. Шунда режалаштириш ва логистика билан ҳам шуғуллана бошладик. Буни қандай уддалаш мумкинлигини биров ўргатгани йўқ, ҳаётнинг ўзи сабоқ берди. Отам ҳеч қачон ишсиз ўтирмасди. Савдо юришмаётган пайтларда у ишчиларни 500 тонна арматурани бир жойдан иккинчи жойга кўчиришга мажбур қиларди. Агар шундай қилсангиз, мижоз келади, деб тушунтирарди. Бу эса иш берарди: одамлар бундай оғир ва бефойда ишни тўхтатиб, дам олишни хоҳлашарди ва тезроқ мижоз топиш пайида бўлишарди. Бу жуда самарали услуб.

“Ўзбекистон ҳақида ҳеч нарса билмасдик”

Аҳмет Демир ҳаётида Туркия Президенти Халил Турғут Ўзал катта роль ўйнади. Аҳмет ва бошқа ёш бизнесменлар унинг конференцияларида тез-тез қатнашишарди. 1983 йилда Турғут Ўзал бош вазир бўлганида, йиғилишларда у қандай ишлаш кераклиги, экспортнинг муҳимлиги ҳақида сўзларди.

– Имкониятларимиз кўп эмасди. Бир куни Ўзал тўрт-беш йилдан кейин СССР тарқалиб кетишини айтди. Биз бунинг мутлақо иложи йўқ деб ўйладик. Шунда у СССРда туркий халқлар яшайдиган мамлакатлар борлигини айтди. У ҳар биримизга айтарди: “Сен Қозоғистонга борасан, сен – Қирғизистонга”. Ҳар гал у “Сен Ўзбекистонга борасан” деганда нигоҳи менга қаратилган бўларди. Биз учун бу мамлакат Аловиддиннинг сеҳрли чироғи ва учар гиламлари мавжуд эртакдаги диёрдек эди. У ҳақда ҳеч нарса билмасдик. Ўзбекистон мустақиллик эълон қилганда дўстларим қўнғироқ қилиб, менинг Ўзбекистоним мустақил бўлганлиги ҳақида ярим ҳазил оҳангда айта бошлашди. Мен ҳайрон қолардим – нега энди “меники”?!

“Бир бора паловдан татиб кўрган инсон Ўзбекистонда ишлаш режасини туза бошлайди”

Шу тариқа Аҳмет дўстлари билан Ўзбекистонга йўл олишга қарор қилди. Уч кунга келадилар, кун жуда совуқ бўлишига қарамай, ўлка уларда яхши таассурот қолдиради.

– “Ўзбекистон” меҳмонхонасида турардик. Бир кун эрта тонгда меҳмонхона ходими эшигимизни тақиллатди ва: “Овқат тайёр, тушинглар!” деди. Турк тилида “avukat” – “адвокат” дегани. Биз жуда ҳайрон бўлдик ва бизга адвокат керакмаслигини тушунтира бошладик. Яхшиям, таржимон келиб қолди ва вазият ойдинлашди.

Тушликка яқин биз ўзбек палови билан бевосита танишдик: бир бора паловдан татиб кўрган инсон Ўзбекистонда ишлаш режасини туза бошлайди.

Биз турли таклифлардан бир портфелини ғамлаб олгандик – “Таклифингиз бор-йўғи шуми?” демасликлари учун. Улардан бири йўл тўсиқлари ишлаб чиқарувчи завод қуриш эди. Чунки йўллар таъмирталаб эди. Иккинчи таклиф шакар заводини қуриш бўлганди. Мен шакар заводи қандай ишлашини билмасдим, лекин бу лойиҳани амалга ошира олишимга ишонардим, сафардан олдин икки ҳафта Туркиядаги шакар фабрикасининг фаолиятин ўргангандим. Ҳозиргача бу жараён ёдимда турибди.

10–15 кундан кейин Тошкентга қайтдим, ўз офисимни очдим, у ерда мана шу лойиҳаларни муҳокама қилардик, лекин натижаси кўринмасди. Фақат кейиннроқ мен тушундимки, ўзбекистонликлар яқин уч-беш йил ичида битим тузилмаслигини айтишга ҳижолат бўлган эканлар.

Хунук совун ва пахта ёғи

Баъзида бир йўлдан юришга беҳуда уринаверасиз-у, имкониятлар бошқа йўлдан келиб қолади. Аҳмет Демирда ҳам шундай бўлди. У уйга қандайдир ютуққа эришган ҳолда қайтишни истарди, лекин шаҳарни, тил ва бозорни билмасди. Шу тариқа у Тошкентда ярим йил яшади.

– Мен меҳмонхонада турардим: ётоқхонам, иш хонам ва залим бор эди. Бу давр давомида бозорни ўрганишга улгурдим: баққолликларда нима бор-у, бозорларда нималар сотилади. Дўконларда деяли ҳеч нарса йўқ эди: сифатсиз қоғоз, хунук совун, фақат пахта ёғи. Синаб кўришга аҳд қилдим: иккита катта юк машинасида мазали макарон, ширинликлар ва бошқа маҳсулотлар буюртирдим. Бир ойда товар етиб келди.

Шу давр давомида мен марказий банк билан рублни долларга алмаштириш борасида маслаҳатлашдим. Бу жуда мураккаб эди: ҳеч ким қандай қилса тўғри бўлишини кўрсата олмасди. Товарни сотишга муваффақ бўлдим, анчагина рубль тушди. Валютани алмаштириб беришга кўнадиган ташкилот ҳам топилди. Кейин бизнес ривожланиб, кенгая борди. Шакар заводи ва тўсиқлар масаласи асло силжий демасди ва мен савдо билан шуғулланишга қарор қилдим. Валюта курси тинимсиз ўзгариб туришига қарамай, умумий баланс ёмон эмасди.

Мен турк маҳсулотлари: бринза, зайтун ёғи, ширинликларни соғинардим. Шунинг учун дўстларим билан қарор қилдик: ҳар бир фурада ўзимиз севган маҳсулот учун жой қолдирамиз, сотилса – сотилади, сотилмаса – ўзимиз еймиз. Фойда келтириш муҳим эмас. 100 кв.м.гача бўлган кичикроқ дўкон очиб, ўз атрофимиздагиларга бу маҳсулотларни сотмоқчи бўлдик. Лекин Тошкентда бундай кичик жой топилмади. Шунда фақат ўзимиз эмас, ҳамма учун супермаркет очишга қарор қилдик. Бунинг учун катта жой олдик, бир қисмини фуд-кортга ажратдик. Нон, айтайлик, $0,2 турган пайтда ким $1га гамбургер оларди, деб айтганлар кўп бўлди.

Очилиш маросимидан кейинги биринчи тун жимжит бўлди, кўчада ҳеч ким кўринмасди. Туркияда одамлар кун-у тун айланиб юрадилар, харид қиладилар. Мен хавотирлана бошладим. Бу ишга $5–6 млн. тикканмиз, мижозлар эса кўринмасди. Дўстларим банкрот бўлдинг, деб айта бошлашди. Тунни ухламай ўтказдик. Лекин эрталаб соат 10ларда одам қуйилиб кела бошлади, бир ярим соатдан кейин оломонни тартибга солиш учун милиция чақиришимизга тўғри келди. Одамлар маҳсулотлар эртага қолмай қолади, деган хавотирда қутиси билан харид қилардилар.

Ҳар қандай ишнинг ечими бор

Ажиотаж ва айланманинг яхшилиги, бир қарашда, фақат фойда. Аммо ҳаётда тескариси ҳам бўлади. Бир пайт, нархлар бозорникидан баланд бўлишига қарамай, Mir Storeда гўшт тугаб қолади.

– Гўштга навбат 100–200 метрга чўзилиб кетди. Етишмовчилик муаммосини ҳал қилиш учун гўшт савдоси билан шуғулланувчи давлат ташкилотига мурожаат қилдим. Муаммонинг илдизи ҳеч ким пул ўтказиш йўли билан гўшт сотишни истамаётганлигида эди. Нақд пул эса, бизда бўлмасди – ҳар куни кечқурун пулларни банкка жўнатардик. Давлат ташкилотига мурожаат қилсам, гўшт харид қилиш учун квота олишни маслаҳат бердилар. Лекин бунинг учун ўз гўшт комбинатингиз бўлиши талаб қилинарди. Компаниямиз биржа орқали Чирчиқда жойлашган гўшт комбинатини топди. Уни харид қилдик ва квотага эга бўлдик. Лекин, шунга қарамай, гўшт йўқлиги, тугаганлиги маълум бўлди. Шунда бизга колхозни сотиб олиб, ўз молларимизни етиштиришни тавсия қилдилар. Биз харидорларга гўшт тегинда йўқ, деб айта олмасдик, шу сабабли колхозни сотиб олдик ва унга $3,5 млн пул тикдик. Олти ойда маблағларимиз тугади, лекин кўплаб сигирларимиз бор эди. Баъзида муваффақиятга эришиш учун кўп билиш эмас, ғайрат билан жўшиб-ёниш керак бўлади. Биз ҳеч қачон зарарга кирмадик.

Олға интилиш лозим

Агар ғоянгиз қалбан ҳис этиб, севсангиз, албатта муваффақиятга эришасиз. Аҳмет Демир жамоаси қандай вазятга рўпара келмасин, асло ўзлигини йўқотмай, ижобий кафиятда бўлган.

– Ватанимиз Туркия бўлса ҳам, Ўзбекистонни севамиз. Бу ерда қувонч билан ишлаганмиз, халқни, дўстларимизни жула севганмиз. Ҳар доим янги имкониятлар томон қараш, фойдани қандай ошириш мумкинлигини ўйлаш керак. Келажакдан салоҳият излаш керак, юксак технологияларга эътибор бериш лозим, қишлоқ хўжалигида ўтиравериш яхши эмас. Шу билан бирга, анъаналарни ҳам унутмаслик керак. Истамбулда Haci Bekir номли қадимий компания бор, у Туркиядаги энг яхши роҳатлуқум сотади.  Шу компания ташкил этилганига 240 йил бўлган. Дунёда бундай мисоллар жуда кам. Улар ишлаб чиқаришни барқарор йўлга қўйишган, маҳсулотларининг бир килоси, турига қараб, $15-50 туради.

Сентябрь бошида Demir Holding давлатдан “Чорсу” меҳмонхонасини қайта қуришга рухсат олди, унинг атрофида фуд-кортлари, кўкаламзолар ва ҳунармандлар устахоналари бўлган “Эски шаҳар” сайёҳлик мажмуаси қурилади. Лойиҳани икки йилда якунлаш режалаштирилган, ҳозирда эса, Аҳмет Демир ўз жамоаси билан турк ресторанини очиш устида ишламоқда, у ерда туркиялик шеф-ошпазлар тайёрлаган турли-туман таомлар тақдим этилади.

Изоҳ билдириш