18143

Самарқандда Шароф Рашидовнинг ёдгорлик лавҳаси очилди

Жамият 20 сентябрь 11:30 341

Атоқли давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов 1937-1941 йилларда Самарқандда ўзбек давлат университети (ҳозирги Самарқанд давлат университети)нинг филология факультетида таҳсил олган. Талабалигидаёқ университет ҳаётида фаол иштирок этган Шароф Рашидов филология факультети қошидаги адабий тўгаракнинг истеъдодли аъзоларидан бири бўлган.

Шароф Рашидов кейинчалик вилоят, республика идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган пайтларида ҳам қадрдон университетига тез-тез келиб турган. Устозлари, дўстларини йўқлаган, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатган.

Самарқанд давлат университетида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда халқимизнинг севимли фарзанди ана шундай хотиралар билан ёдга олинди. Тадбир аввалида университетнинг Шароф Рашидов таҳсил олган бош биноси пештоқига ўрнатилган ёдгорлик лавҳаси очилди.

Вилоят жамоатчилиги вакиллари, пойтахтимиз ва Жиззах вилоятидан келган меҳмонлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этган тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра юртимизда ушбу сана муносабати билан кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани таъкидланди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Умаров, Самарқанд давлат университети ректори Р.Холмуродов, профессорлар М.Жўрақулов, Ҳ.Умуров, “Жиззах овози” газетаси бош муҳаррири А.Иномов ва бошқалар Шароф Рашидовнинг ибратли ҳаёт йўли ва серқирра ижоди, Самарқандга меҳри туфайли бу ерда амалга оширган бунёдкорлик ишлари, университет билан алоқаси ҳақида сўз юритди.

Тадбирда Шароф Рашидовнинг қизи, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги полимерлар кимёси ва физикаси институти директори, академик Сайёра Рашидова халқимизнинг асл фарзанди хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг бошида турган Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Изоҳ билдириш