17835

Аҳолидан 2018 йил давлат дастури лойиҳасига таклиф ва лойиҳалар қабул қилинмоқда

Жамият 14 сентябрь 11:56 510

Ҳаракатлар стратегиясини 2017 йилда амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида эришилган натижаларни ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида фуқаролар ўртасида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилмоқда. Бу ҳақда «Тараққиёт стратегияси» маркази матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Хабарда айтилишича, шу билан бирга, келгуси йил Давлат дастури лойиҳасига аҳолидан таклифлар ва лойиҳалар олинмоқда.

Сўровнома аҳолининг кенг қатлами, хусусан, ёшлар, давлат хизматчилари, тадбиркорлар, пенсионерлар ўртасида тарқатилмоқда.

Шунингдек, фуқаролар учун қўшимча қулайлик яратиш учун www.strategy.uz веб-сайтида алоҳида саҳифа яратилди. Сўровномани мобил телефони орқали тўлдириш имкони ҳам мавжуд.

Ижтимоий сўровнома «Тараққиёт стратегияси» маркази томонидан Ўзбекистон президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишида белгиланган вазифалар асосида ишлаб чиқилган. Унга кўра 2017 йилда мамлакатни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ҳамда 2018 йил Давлат дастури лойиҳасига киритиш учун фуқаролардан таклифларни тўплаш режалаштирилган.

Фуқаролар сўровномада иштирок этиб, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича амалга оширилган муҳим ислоҳотлар ва жамият ҳаётида рўй берган яна бошқа ўзгаришларга баҳо берадилар. Жумладан, ижтимоий соҳада амалга оширилаётган қайси тадбир энг муҳимлиги, давлат бошқарув органларининг халқ билан мулоқот қилишида, фуқароларга бўлган муносабатидаги ўзгаришлар ҳақидаги саволларга жавоб беришлари керак бўлади.

Жамоатчилик фикри сўрови шу йилнинг октябр ойига қадар барча ҳудудлардаги олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган Ҳаракатлар стратегияси хоналари, маҳалла фуқаролик йиғинлари, корхона ва ташкилотларда ўтказилади. Шундан сўнг барча маълумотлар умумлаштирилиб, Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияга тақдим этилади.

2018 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган Давлат дастури лойиҳасига киритиладиган таклифлар фақат кенг жамоатчилик билан дастлабки муҳокама қилингандан кейин кўриб чиқилиши Ўзбекистон президентининг 2017 йил 15 августдаги фармойиши билан белгилаб қўйилди.

Изоҳ билдириш