16982

Президентга очиқ хат: Мактаб ўқувчиларининг ота-оналаридан

Жамият 5 сентябрь 10:54 1 131
Фото: Nuz.uz

Юнусобод туманидаги 80-мактаб ўқувчиларининг ота-оналари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ хат ёзди, деб хабар бермоқда «Nuz.uz».

Хатда айтилишича, Тошкентдаги энг қадимий мактаблардан бирида доимо юқори малакали ўқитувчилар ишлаб келган. Аммо сўнгги йил ичида уларнинг катта қисми ишдан кетиш ҳақида ариза ёзган, дарсларни эса болаларга кутубхоначи ва фаррош ўтган.

«Ўқитувчиларнинг оммавий истеъфоси шунга олиб келдики, ўқиш йил ўртасида тўхтаб қолди, — деб ёзади ота-оналар. — болаларимиз дарс пайтини бўш хоналарда ёки емакхоналарда, ҳеч қанақа билим олмасдан ўтказарди. Бошланғич синфларда эса дарсларни юқори синф ўқувчилари ёки фаррош, ё бўлмаса, болаларини назоратсиз қолдириш хавфсиз эмаслиги туфайли улар билан ўтириб туришга мажбур бўлган ота-оналар ўтарди».

Охир-оқибат болалар мактаб ҳудудини ўзбошимчалик билан тарк этишни бошлади. Ўқувчилардан бирини ўқитувчилар ва ота-оналар бир неча соат қидириб, ўқув муассасасидан анча узоқ жойдан топган.

«2017 йил 2 сентябрь ҳолатига мактабимиз янги ўқув йилига тайёр эмаслиги сўнгги томчи бўлди. Ўқув йили бошигача бошланғич мактабнинг яна уч ўқитувчиси ишдан бўшади. Ҳеч қандай ўзгаришлар ва истиқболларни кўрмаётган тажрибали ўқитувчилар ишдан бўшаш ҳақида аризаларини тайёрламоқда. Бундай вазиятдан норози бўлган ота-оналарга болаларининг ҳужжатларини олиб кетиш таклиф қилинди, оқибатда сўнгги ойда 50 дан ортиқ ота-она фарзандларини бошқа мактабларга кўчирди», — дейилади хатда.

Ота-оналар давлат раҳбаридан воқеалар ривожига таъсир ўтказиш ва мактабдаги вазият юзасидан адолатли қарор қабул қилишни сўради.

Изоҳ билдириш