16921

Зафар Ҳошимов: Валюта бозорининг эркинлаштирилиши ортидан айрим истеъмол маҳсулотлари нархи туша бошлайди

Жамият 4 сентябрь 17:13 1 086

Ўзбекистонда валюта бозорини эркинлаштириш бўйича Президент фармониқабул қилинди. Бунга қадар валюта бозорини эркинлаштириш масаласи атрофида турли фикр-мулоҳазалар билдирилаётган эди. Шундай фикрлардан бири сўмнинг долларга нисбатан расмий курси девальвация қилиниши импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархи ошишига сабаб бўлиши ҳақида эди. «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов шу масала бўйича ўз фикрини билдирди.

«Валюта бозорини эркинлаштириш нима ва бу миллий валюта расмий курсининг долларга нисбатан девальвациясидан сўнг импорт истеъмол товарларининг нархи ошадими, деб мендан тез-тез сўрашади.

Менинг жавобим: йўқ.

Гап шундаки, истеъмол товарларининг импорти анчадан буён расмий конвертация билан молияланмаётган эди ва уларнинг нархи параллел (қора) бозор курсида шакллантирилаётган эди. Бундан ташқари, бу импортни амалга ошираётган корхоналар турли комиссион тўловлар ва биржа курси туфайли бозор курсидан ҳам ортиқроқ тўлашга мажбур эдилар. Бу ҳолатда маълум бир тузилма ва шаффофлик йўқлиги туфайли ҳамма ҳам бундай операциялардан фойдалана олмасди. Бундай савдо корхорналарининг раҳбарлари савдо операцияларини такомиллаштириш ва нархларни пасайтириш ўрнига, импортни молиялаштириш учун валюта манбаларини топиш учун кўп ресурс ва вақт сарфларди.

Энди барча тадбиркорлик субъектларига ўз банкларидан бозор шароитларида валюта харид қилиш учун тенг шароитлар яратилгач, бозорда қатнашувчилар сони ортади, рақобат ошади, бу операциялар учун самарадор курс рухсатнинг енгиллаштирилгани ва шаффофлик туфайли ҳаттоки бироз тушади ҳам.

Президентнинг валюта бозорини либераллаштириш ҳақидаги фармонида муҳим истеъмол товарларининг нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича алоҳида бандлар киритилган. Бу давлатимизнинг аҳоли учун озиқ-овқат маҳсулотларининг барқарор нархларини таъминлаш ташвиши ва салбий оқибатларни бартараф этиш билан тушунтирилади.

Лекин мен аминманки, ушбу фармон шарофати билан юзага келадиган тенг шароитларда импорт қилинадиган истеъмол товарларининг нархи яқин уч ой-ярим йилда пастга туша бошлайди.»- деди «Korzinka.uz​» супермаркетлар тармоғи раҳбари.

 

Изоҳ билдириш