16639

«Улар ҳукумат вакили сифатида расмийлаштирилади» – Тунги навбатчиларнинг ваколат ва вазифалари

Жамият 30 август 16:42 632

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида тажриба тариқасида жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида тунги навбатчилик гуруҳи ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди.

Бундай гуруҳлар тумандаги 8 та ички ишлар бўлимларида тузилди. Улар Мустақиллик байрами ва Қурбон ҳайити кунлари туман кўчаларида участка нозирлари билан ҳамкорликда тунги вақтларда навбатчилик қилишади.

Бундан мақсад нима? Саволга Мирзо Улуғбек туман ИИБ бошлиғи Азамат Ўроқов 29 август куни журналистлар билан ўтган учрашувда жавоб берди:

“Навбатчилик гуруҳларини тузишдан мақсад ҳуқубузарликнинг олдини олиш. Ҳозирда лойиҳада 48 нафар кўнгилли фуқаролар қатнашмоқда. Байрамлардан сўнг туманимиз ҳудудидаги ОТМлар —Тошкент давлат жисмоний тарбия институти ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг талабаларини ҳам жалб этиш режалаштирилмоқда”.

“Навбатчилар смена бўйича ишлайдилар. Ҳар бир навбатчиликдан сўнг кўнгиллига 5 кун дам берилади. Навбатчилик гуруҳлари Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакиллари (туманлар бўйича, ҳар бир тумандан ҳисоблаганда 16 вакил бор), туманлардаги мактабларнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ва “Маҳалла посбони” жамоатчилик тизими вакилларидан тузилади”.

Ўроқовнинг таъкидлашича, тунги навбатчиликнинг ташкил этилиши жамоатчилик мақсадларини кўзда тутади. Жиноят иши аниқланганда улар ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлари вакилларига ҳужжатларни расмийлаштириш ишларига кўмаклашади, ҳуқуқбузар ёки орган ходими томонидан қонунбузилиш ҳолати келиб чиқмаслигини кузатади.

Кўнгилли навбатчилар туман ҳокимлиги ҳамда туман ИИБнинг қўшма қарорига мувофиқ, ҳукумат вакили сифатида расмийлаштирилади.

“Агар ҳуқуқбузар фуқаро навбатчининг огоҳлантиришига бўйсунмаса, навбатчи уни Маъмурий жавобгарлик кодексининг 194-моддасига биноан, ҳукумат вакилининг талабини бажармаганликни назарда тутиб, ҳужжат расмийлаштириши мумкин”, – дейди Ўроқов.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек туман ИИБ бошлиғининг қўшимча қилишича, агар мазкур тажрибадан ижобий натижа олинса, яъни ҳуқуқбузарликлар камайса ёки бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик қайд этилмаса, тунги навбатчилар қимматли совғалар билан рағбатлантирилади.

Изоҳ билдириш