16386

Ички ишлар вазири АҚШ элчиси билан учрашди

Жамият 28 август 15:59 637

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен билан учрашди.

Учрашув чоғида томонлар минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича иккала мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг, шу жумладан, Интерпол ташкилоти орқали алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, «йўл харитаси»ни амалга ошириш доирасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Памела Спратлен фавқулодда вазиятда қандай ҳаракат қилиш бўйича биргаликда машқлар ўтказишни, шунингдек, ҳар икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаларининг наркотрафикка, одам савдосига ва терроризмга қарши курашиш борасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашни таклиф қилди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси раҳбари таъкидлаганидек, сўнгги пайтда Испаниянинг Барселона шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати, АҚШнинг Виржиния штатида юз берган тўқнашувлар бундай таҳдидларга қарши биргаликда курашиш лозимлигини кўрсатмоқда. Шу муносабат билан томонлар ахборот ва тажриба алмашиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга, шунингдек, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналарида содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳужумларини ўз вақтида бартараф этиш бўйича қўшма машқлар ўтказишга тайёр эканликларини изҳор этишди.

Ички ишлар органлари тизимида коррупцияга қарши курашиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ва бошқа қонунбузарлик ҳолатларини бартараф этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик қилаётгани ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Очиқ-ошкора, ишчанлик руҳида ўтган суҳбат якунида томонлар ҳар икки тараф манфаатдор бўлган масалалар юзасидан музокаралар самарали кечганидан мамнун эканликларини изҳор этишди.

Изоҳ билдириш