16216

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бошланиш арафасида

Жамият | Ўзбекистон 25 август 13:21 564

Самарқанд темир йўл вокзалида “Шарқ тароналари” ўн биринчи халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари ва меҳмонларининг дастлабки гуруҳи тантанали кутиб олинди. Бу ҳақида uzbekistan24 хабар бермоқда.

1997 йилдан буён ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинаётган мазкур фестиваль дунё халқларининг миллий мусиқа санъати ва қўшиқчилиги анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, тили, маданияти, урф-одатлари турлича бўлган миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш, уларни гўзаллик, нафосат, эзгуликка даъват этишга хизмат қилмоқда. Бугунга келиб “Шарқ тароналари” жаҳон миқёсида ўтказилаётган йирик ва нуфузли санъат анжуманига айланди. Унда иштирок этиш истагида бўлган санъаткор ва бадиий жамоалар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Бу йил фестиваль иштирокчилари белгиланган талаблар асосида сараланиб, таклиф этилди. 25-30 август кунлари 50 дан ортиқ давлат вакиллари Самарқандда ўз санъатини намойиш этади.

Юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поездида Самарқандга етиб келган меҳмонлар карнай-сурнай садолари остида кенг жамоатчилик иштирокида кутиб олинди.

Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлари махсус ажратилган транспортларда “Азия Самарқанд”, “Регистон-плаза”, “Зилол бахт”, “Арба” меҳмонхоналарига бориб жойлашдилар.

Кун давомида Самарқанд шаҳрида муқаддас қадамжо ва тарихий обидалар бўйлаб саёҳат, маданий-маърифий учрашувлар, танлов дастурида қатнашадиган жамоалар учун Регистон майдонидаги саҳнада репетиция ўтказилади.

Кечқурун танлов бошланиб, дастлабки ўн жамоа ўз дастурини намойиш этади. Бошқа гуруҳлар эса Самарқанд шаҳри ва Пастдарғом, Оқдарё, Пайариқ, Самарқанд, Жомбой туманларида маҳаллий санъаткорлар билан биргаликда концерт дастурлари тақдим этади.

Изоҳ билдириш