Паст Дарғом туманида яшовчи фуқаро янги типдаги уйлар қурилиши ишлари масъулиятсизлик билан амалга оширилаётганидан шикоят қилди, деб хабар қилган «Зарафшон» нашри.
«…Паст Дарғом туманида ҳам арзон уй-жойлар қурилиши аниқ бўлгач, тегишли ҳужжатларни тўплаб «Қишлоқ қурилишинвест» инжиниринг компанияси вилоят филиалига топширдик. Шартнома тузилди. Жорий йилнинг январь ойида бошланғич тўловни амалга оширди.
Хуллас, уй-жойлар тумандаги «Камолот» массивида «216-сон таъмирлаш қурилиш» корхонаси томонидан қуриладиган бўлди. Эътиборлиси, юқоридаги шартномада уй-жойларнинг топширилиш муддати кўрсатилмаган, очиқ қолдирилган эди. Шунчаки оғзаки тарзда мустақиллик байрами арафасида янги уйлар фойдаланишга топширилиши айтилди. Уйимиз билан бир вақтда ҳудудда бошқа қурилиш корхонаси томонидан намунали уйлар қурилиши бошланган эди. Яқин кунларда бу уйлар топширилиши режалаштирилган. Аммо бизнинг уйларда қурилиш ишлари ҳали ҳамон ўлда-жўлда қолиб кетмоқда.
Гап муддатда ҳам эмас. Биз бу уйларнинг сифатидан хавотирдамиз. Ўзимиз яшайдиган уйнинг қурилиш жараёнларини кузатар эканмиз, девордаги ғиштларнинг бутунидан кўра, синган, дарз кетганлари кўп экани ҳайрон қолдирди бизни. Энг ёмони, айрим деворлар қийшиқ экани ҳозирдан кўзга ташланиб қолган. Fишт териш тартиб-қоидаларига умуман риоя қилинмаган. Деворлар бурчаклари орасида бир неча сантиметрли очиқ жойлар қолган. Бу жойлар цемент қоришмаси билан тўлдирилиши керак эмасми? Тағин денг, цемент қоришмасининг ўзи, қўлга олсангиз уваланиб кетади. Эрта бир кун кучсизгина ер қимирлаши ҳам бу деворларни йиқитиб юборишидан қўрқаяпмиз.
Қўрқаяпмиз деганимизнинг сабаби хона ичидаги пардевор (перегородка)ни бир қўлингиз билан қимирлатишингиз мумкин. Худо кўрсатмасин, вазни оғирроқ одам бу деворга суянса устига қулаши ҳеч гап эмас. Хўш, биз бу уйда эртага қандай хотиржам яшаймиз?