14963

Барча вилоятлар марказларида иссиқлик таъминоти тизими деярли ишламайди

Жамият 10 август 16:44 582

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 август куни ўтказилган селектор йиғилишида республика вилоятларидаги қатор камчилик ва муаммолар кўрсатиб ўтилди.  Бу ҳақида президент расмий веб сайтида хабар берилмоқда.

Давлатимиз рахбари жойлардаги аҳволни баҳолаш учун махсус ишчи гуруҳ томонидан саккизта вилоятдаги вазият ўрганиб чиқилгани ва бу жараёнда қатор камчилик ва муаммолар аниқланганини маълум қилди. Хусусан, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятларининг айрим туманларида ичимлик суви таъминоти борасидаги аҳвол қониқарли эмас. Кўп қаватли уйларнинг томи таъмирталаб, оқова сув тизими ишдан чиққан, уйларнинг атрофини ободонлаштириш суст амалга оширилмоқда.

Барча вилоятлар марказларида иссиқлик таъминоти тизими деярли ишламайди. Аксарият шаҳар ва туманларда электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларини капитал таъмирлаш кечикмоқда. Қўшимча суюлтирилган газ, газ баллонлари ва уларни ташийдиган махсус автотранспорт воситаларига эҳтиёж ҳамон катталигича қолмоқда.

Ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ва кўмиш ишлари тизимли равишда ташкил этилмаган. Айрим туманларда ноқонуний чиқиндихоналар бартараф этилмаган.

Шу муносабат билан давлатимиз рахбари жойлардаги муаммо ва камчиликларга бош вазир ўринбосарлари, ҳукумат аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари шахсан эътибор қаратиши зарур эканини таъкидлади.

Изоҳ билдириш