14818

Тожикистон фуқароси телефонидан ИШИД тарғибот материаллари топилди

Жамият 9 август 15:31 388

Cурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Сариосиё” темир йўл чегара божхона пости ходимлари амалдаги тартибларни бузишга уринган қўшни давлат фуқароси Д.Назаровнинг қинғир қилмишларини фош қилишди.

Бу маълумотлар Ўзбекистон божхона қўмитаси вакиллари ўтказган матбуот анжуманида маълум қилинди.  Хусусан, республикамиздан транзит тарзида ўтаётган “Москва-Душанбе” йўловчи поездида Тожикистон Республикасига йўл олган ушбу шахснинг қўл телефони божхоначилар томонидан кўздан кечирилганда, унинг хотирасида диний мазмундаги 191 дона видео, 18 дона аудио ҳамда 423 дона жангари мазмундаги фото материаллар борлиги аниқланди, деб ёзади 1News

Айни шу жиҳат Назаровнинг қўл телефонини нега божхона назоратидан яширганча олиб ўтишга уринганини бир зумда ойдинлаштирди.  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига асосан, Д.Назаровга тегишли уяли телефон хотирасида аниқланган 640 дан зиёд файллар Ироқ ва Сурия давлатлари ҳудудида фаолият юритаётган ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати) террорчи ташкилотига тегишли тарғибот материаллари эканлиги аниқланди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан мазкур йўналишда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2017 йилнинг ўтган 7 ойи давомида 339 та ҳолатда 14 мингдан ортиқ диний экстремистик, ақидапарастлик ва бошқа диний мазмундаги материалларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланди.

Изоҳ билдириш