14659

ОВИР стикерини бекор қилиш ва хорижга чиқиш паспортини жорий этиш бўйича ҳужжат тайёр бўлди

Жамият 8 август 9:44 749

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 7 август куни идоралараро йиғилиш ўтказди. Унда жорий йилнинг 5 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ватандошлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти доирасида кўтарилган масалаларни ечиш юзасидан қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот тингланди.

Вазирликнинг маълум қилишича, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва бошқа давлат тузилмалари вакиллари иштирок этган.

Хабар қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан фуқароларнинг чет элга бориш рухсатнома ёзуви стикерини (ОВИР) бекор қилиш ҳамда хорижга чиқиш паспортини босқичма-босқич жорий этишни кўзда тутувчи, фуқорликдан чиқишни расмийлаштириш ҳамда хорижга келган фуқароларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тартибини соддалаштириш тўғрисидаги давлат раҳбари қарорлари лойиҳалари ҳамда қонунчиликка, қонун ости ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича бошқа таклифлар тайёрлангани ва идоралараро келишув босқичида тургани маълумот учун қабул қилинган.

Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг меҳнат мигрантларини тегишли ижтимоий пакет, жумладан зарур яшаш-маиший шароит, муносиб иш ҳақи даражаси ва бошқа имтиёзлар билан таъминлашни кўзда тутувчи Ўзбекистон фуқароларини ишга ёллашни ташкиллаштириш бўйича йирик хорижий ҳамкорлар билан икки томонлама битимлар тузиш бўйича фаолияти қўллаб-қувватланган.

Йиғилиш якунларига кўра Идоралараро ишчи гуруҳи таркиби ва унинг 2017-2018-йилларга мўлжалланган Иш режаси келишилган ва тасдиқлаш учун таклиф қилинган.

Изоҳ билдириш