10986

Ўзбекистонлик қизни фоҳишаликка мажбурлаган ҳиндистонлик ҳибсга олинди

Дунё 23 июнь 17:28 423

Деҳли полицияси Ўзбекистон фуқароси бўлган қизни Ҳиндистонга алдаб чақирган ва 6 ой давомида қулликда сақлаган мумбайликни ҳибсга олди. Бу ҳақида Outlook India нашри хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Фейсбук ижтимоий тармоғи орқали ўзбек қизи билан танишган 34 ёшли Жангжит Сингҳ исми ошкор қилинмаётган қизни Ҳиндистонга таклиф қилади. Ўзини Сону исми билан таништирган Жангжит хусусий фирма раҳбари эканлиги ва қизга яхши маошли иш беришни ваъда қилади. Унинг гапларига лаққа тушган 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси Ҳиндистонга боришга қарор қилади.

Деҳли аэропортида қизни кутиб олган Жангжит унинг паспортини олиб қўяди ва ўз уйига жойлаштиради. Ўзбекистон фуқаросини 6 ой давомида уйида қулликда сақлаган ҳиндистонлик одамфуруш уни фоҳишаликка мажбурлайди ва ўзи ҳам унинг номусига тегади. Маълум бўлишича, қизни Жангжит билан ўз дугонаси таништириб қўйган.

Ярим йил давомида тутқунликда яшаган Ўзбекистон фуқароси 31 март куни Деҳли полициясига Жангжит устидан шикоят қилган. Полицияга чақириб, сўроқ қилингач ҳиндистонлик йигит қўйиб юборилган. Ўтган ойлар давомида полициядан яшириниб юрган Жангжитни ўтган ҳафтада Деҳли полицияси қайта ҳибсга олишга муваффақ бўлган. Ҳиндистон фуқаросига нисбатан номусга тегиш ва одам савдоси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Экспертиза Жангжит томонидан қизнинг номусига тегилганини кўрсатгани айтилмоқда.

Бу Ҳиндистонда Ўзбекистон фуқаросига жинсий тажовуз қилиниши билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмас. 15 март куни Деҳлининг Васант Кунж мавзесида истиқомат қилган ўзбекистонлик аёл квартирада бирга яшаган йигит ва унинг 4 нафар дўсти томонидан номусига тегилгани тўғрисида полицияга шикоят қилган эди.

Изоҳ билдириш