38713

Ўзбекистонда алоқа операторини ўзгартирганда телефон рақамини сақлаб қолиш мумкин бўлади

Жамият 15 май 11:51 1 218

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини имзолади

Қарор талабларига кўра, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига мижозларни мобил алоқа рақамига боғлиқ ҳолда масофадан идентификация қилиш механизмининг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида 2018 йил якунига қадар мобил алоқа тармоғи абоненти бошқа мобил алоқа тармоғига ўтганда телефон рақамини сақлаб қолиш тартибини ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, 2018 йил 1 июлга қадар муддатда электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестри яратилади.

Миллий реестрни юритиш электрон шаклда онлайн режимда амалга оширилади.

Миллий реестрга ихтиёрий ва бепул асосда товар (хизмат)ларни электрон тижорат орқали сотишдан олган даромадлари умумий сотилган товарлар (хизматлар) ҳажмининг камида 80 фоизини ташкил этувчи, шу жумладан, электрон тижоратда электрон савдо майдончалари, товарларни етказиб бериш, электрон ҳужжатлар ва хабарларни сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар киритилади.

Миллий реестрга киритилган юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар 2 фоиз ставка бўйича ягона солиқ тўловини тўловчилар ҳисобланади.
Ушбу қарор талабларига кўра, электрон тижорат иштирокчилари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёнида ахборот тизимлари томонидан шакллантириладиган, битимлардаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитансиялар, хабарлар ва бошқа усуллар товарлар (хизматлар) учун тўловларни тасдиқловчи квитансиялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижорат битимларини амалга оширишда тўловлар виртуал терминаллар (Э-POS) орқали харидорга нақд пулни қабул қилганлиги тўғрисида электрон чек ёки бошқа тасдиқловчи хужжатни мажбурий юборган ҳамда инкассация қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда пул маблағларини хизмат кўрсатувчи банкга топшириш шарти билан нақд пул шаклида қабул қилиниши мумкин.

Виртуал терминаллар (E-POS) шу турдаги назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларига тенглаштирилади.

Изоҳ билдириш