40674

Энди маълумотномани фуқаро эмас, нотариуснинг ўзи йиғади

Жамият 31 май 14:55 185

Айни пайтда юртимизда аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган кўплаб масалаларга ечим топилмоқда. Давлат идораларида қоғозбозлик ва ҳужжатбозликларга чек қўйиш, одамлар оғирини енгил қилишга катта эътибор қаратиляпти деб хабар қилмоқда Халқ сўзи нашри.

Президентимизнинг 2018 йил 25 майдаги “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги изчил ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилишда нотариат институтининг роли ва аҳамиятини ошириш мақсадини кўзлаган мазкур ҳужжатда асосий эътибор нотариуслар томонидан фуқароларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, тезкорлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш, ортиқча оворагарчилик, қоғозбозлик ва коррупция ҳолатларига чек қўйиш, нотариат соҳасини янги кўринишга — яъни, фаол моделга ўтказишга қаратилди.

Бундан ташқари, мазкур қарор фуқаролар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган иқтисодий, оилавий, мерос, уй-жой, меҳнат ҳамда бошқа низоларнинг олдини олишда нотариатнинг имкониятидан тўлиқ фойдаланишга туртки бўлди, десак ҳам янглишмаймиз.

Хўш, қарор билан белгиланган янги тартиблар одамлар ҳаётида қандай енгилликлар яратади?

Энг муҳим енгилликлардан бири шуки, 2019 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини нотариусда тасдиқлаш шарт эмас. Энди фуқаролар ўзаро оддий ёзма шартнома тузади ҳамда солиқ идорасида шартномани ҳисобга қўяди, холос. Бунда ортиқча ҳужжатлар тақдим этилмайди ва ҳеч қандай тўловлар тўланмайди. Бунинг яна бир аҳамиятли жиҳати, фуқаролар нотариусда навбатда туриш, ҳужжат йиғиш, вақт ҳамда пул сарфлаш каби бошоғриқлардан озод бўлишади.

Ҳозиргача уй-жой олди-сотди шартномаси оддий қоғозда чиқарилар эди. Турган гапки, уларни сохталаштириш ҳам осон бўлган. Амалиётда — тергов ва судларда бундай ҳолатлар бўйича ишлар жуда кўп кўриб чиқилган.

Президентимиз қарорида эндиликда фуқароларнинг алданиб қолмасликлари учун бундай шартномалар махсус гербли бланкларда расмийлаштирилиши белгилаб қўйилди.

Бугунги кунда фуқароларимиз мерос масаласида ҳам кўп ҳуқуқий муносабатга киришмоқда. Айниқса, васиятномалар борасида кўп учрайдиган ҳолат, бу — меросхўрлар ўзаро мерос талашиши ҳамда судга даъво билан чиқиши. Аксарият ҳолларда судларда васиятномани имзолашда отам (онам) ақл-ҳуши жойида бўлмаган ёки васиятномага отам (онам) имзо қўймаган, уларнинг имзоси бошқача, бу сохта имзо, деган важлар келтирилади.

Қарор билан бу борадаги ҳуқуқий тартиб-таомиллар ҳам такомиллаштирилди. Эндиликда бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида васиятнома ва бундан ташқари, фуқаронинг жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки бошқа сабабларга биноан, нотариал ҳужжатни унинг топшириғига кўра, унинг ўзи ҳамда нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро томонидан имзоланиши жараёни аудио ва видеотасмага туширилади ҳамда булар келажакда низо чиқса, далил сифатида ишлатилади.

Яна бир муҳим янгилик шуки, нотариал идорада фуқароларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилади.

Бу нимага керак?

Кейинги пайтларда нотариал ҳужжатлардаги имзони сохталаштириш ҳолатлари ҳам учраб турар эди. Бундай қонунбузилишларга энди чек қўйилади. Сабаби, нотариал ҳаракатлар бажарганини тасдиқлаш фақат имзо қўйиш эмас, балки махсус мосламаларда бармоқ изларини сканер қилиш йўли билан амалга оширилади. Бармоқ изини сканер қилиш бепул. Демак, энди машина, уй-жой олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришда қаллобликларга йўл қўйилмайди.

Давлатимиз раҳбарининг қарори билан фуқароларга яратилган енгилликлардан навбатдагиси нотариусга тақдим этиладиган ҳужжатлар билан боғлиқ. Яхши биласиз, нотариусга иши тушган одам турли ташкилотлардан бир дунё маълумотнома йиғиб, олиб бориши керак эди. Ҳолбуки, маълумотларни йиғишнинг ўзига кетган вақтга одамнинг тинкаси қурийди.

2019 йилдан бошлаб барча маълумотномани нотариуслар ўзлари онлайн тарзда тегишли ташкилотлардан олади.

Бундан ташқари, нотариал идораларга махсус мосламалар ўрнатилиши, бу мосламалар фуқаролар учун навбат тизимини яратиши ҳам режалаштирилмоқда. Нотариусга келган ҳар бир одам тегишли тугмани босади, мослама унга навбат рақами кўрсатилган қоғоз чиқариб беради.

Бу, энг аввало, тартиб ўрнатиш, нотариус қабулига навбатсиз киришлар, навбат талашиш, ҳар хил “воситачилар” билан тил бириктириш ҳолатларига барҳам беради. Энди фуқароларнинг ўзлари навбат устидан назоратни ўрнатади, нотариус эмас.

Президентимизнинг мазкур қарори юртимизда “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоянинг амалда рўёбга чиқаётганига яна бир мисол бўлди. Ушбу ҳужжат орқали ҳаётга жорий қилинаётган янгиликлар фуқароларимизга қўшимча қулайликлар яратиш, нотариат идораларидаги шароитларни яхшилаш, ортиқча оворагарчилик ва пул сарфлашларнинг олдини олиш, низоли ҳолатларга барҳам бериш, умуман, ҳаётимизни енгиллаштиришга қаратилгани билан катта аҳамият касб этади.
Исломиддин АБРАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Изоҳ билдириш