46509

Тошкентда 3 кун ичида 45 та автомобиль ойнасини қорайтиришга рухсат берилди

Технология 26 август 11:48 773

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига кўра, Тошкентда 23 августдан енгил автотранспорт воситалари ойнасини қорайтиришга рухсатлар берила бошланди. Ўтган 3 кун ичида бундай рухсатни 30 нафар жисмоний ва 15 нафар юридик шахс олган. Бу ҳақида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар бермоқда.

Ойналарни қорайтиришга рухсатларни Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг қуйидаги манзиллар бўйича жойлашган  диагностика станцияларида олиш мумкин:

1-диагностик станция: Чилонзор тумани, Бунёдкор кўчаси, 118а. Телефон: 279-35-90, факс: 279-64-46. Автобуслар: 32, 100, 105, 118.

2-диагностик станция: Юнусобод тумани, О.Зокирова кўчаси, 2а. Телефон: 212-88-69, факс: 223-25-30. Автобуслар: 83, 96.

3-диагностик станция: Миробод тумани, Водил кўчаси, 54. Телефон: 283-21-03. Автобуслар: 37, 81, 93.

Эслатма: тегишли рухсат олмасдан ўзбошимчалик билан автомобиллар ойналарини қорайтирганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126-моддасига кўра жавобгарлик кўзда тутилган.

126-модда. Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш

Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Изоҳ билдириш