35754

Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга ташриф буюради

Дунё 11 апрель 9:05 184

Ашхабод шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларда Туркманистон президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон-Туркманистон сиёсий маслаҳатлашувлари тўғрисида 2018 йилнинг 9-10 апрел кунлари Ашхабод шаҳрида Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди», — дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Унда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳидов бошчилигидаги делегация ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва Туркманистон ташқи сиёсат идораси раҳбари ўринбосари Вепа Хаджиевлар иштирок этди.

Хабарда билдирилишича, учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари таҳлил қилинди.

«Суҳбатда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифи дастури ва кун тартиби лойиҳалари муҳокамасига асосий эътибор қаратилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, хабарга кўра, учрашувда Ўзбекистон ва Туркманистон делегациялари кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар, халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифини амалга оширганди. Ўтган йилнинг май ойи охирларида икки давлат раҳбарлари Туркманистоннинг Каспий денгизи соҳилидаги «Аваза» миллий туристик зонасида учрашишганди. Музокаралар якунига кўра, кўплаб икки томонлама ҳужжатлар имзоланганди.

Изоҳ билдириш