20816

Қозоғистон қирғиз маҳсулотлари импортига тақиқ қўйди

Дунё 16 октябрь 15:07 418

Қирғизистоннинг бир қатор сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари маҳсулотларини Қозоғистонга олиб кириш таъқиқланди. Қозоғистон Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги эълон қилган хабарга кўра, қирғизларнинг 5та фирмасида ишлаб чиқарилган сут маҳсулотларини импорт қилиш номаълум муддатгача тўхтатиб қўйилади.

Шунингдек, хабарда айтилишига кўра, 10 октябрдан бошлаб икки мамлакат умумий чегарасида кучайтирилган ветеринар назорати ўрнатилган. Айни дамда 6та чегара назорат пунктида 32 нафар инспектор хизмат қилмоқда.

“Айни дамда бешта Қирғизистон сутни қайта ишлаш корхонасига нисбатан маҳсулотни Қозоғистонга экспорт қилиш бўйича чеклов ўрнатилган. Бунга ушбу корхоналар маҳсулотларида олдин аниқланган қоидабузарликлар сабаб бўлган. Яна икки қирғиз корхонаси маҳсулотига нисбатан кучайтирилган лаборатория назорати ўрнатилган”, — дейилган муассаса хабарида.

13 октябрь куни “Қорасу” назорат пунктида озиқ-овқат маҳсулотларини қоидабузарликлар билан Қозоғистон ҳудудига олиб кирилаётгани аниқланган ва унга нисбатан 226,9 минг танга жарима қўлланилган. Маҳсулотлар орқага қайтарилган.

“Қирғизистон маҳсулотларига нисбатан ветеринар назорати кучайтирилиши муносабати билан уларни Қозоғистонга олиб кириш ҳажми кескин камайган ва транзит қилиш умумман кузатилмаяпти”, — дейилган вазирлик хабарида.

Маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг 28 корхонаси Қозоғистонга маҳсулот олиб кириш ҳуқуқига эга бўлган, улардан 15таси сут маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган.

Изоҳ билдириш