17517

Навбатдаги халқаро ихтисослашган кўргазма 2020-йил Дубай шаҳрида ўтказилади

Дунё 11 сентябрь 16:48 317

Қозоғистонда 10-сентябр куни “Астана ЭХПО – 2017” халқаро ихтисослашган кўргазманинг расмий ёпилиш маросими ўтказилди. Унда қатор давлат раҳбарлари ва халқаро делегациялар етакчилари иштирок этди.

Уч ой давом этган кўргазмада Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Хитой, Германия, Буюк Британия, Францийа, Япония, Туркия, Ҳиндистон, Ветнам, Арманистон, Покистон, Озарбайжон, Беларус, Куба, Туркманистон, Руминия, Бразилия, Грузия каби 120 га яқин давлат ўзининг технологик, илмий, маданий ютуқларини намойиш этди. Шунингдек, 20 дан ортиқ халқаро ташкилот қатнашди.

“Келажак энергияси” мавзуида ўтказилган кўргазма, унинг доирасида ташкил этилган халқаро конференциялар сайёрамиз келажагига бевосита таъсир кўрсатаётган энергия истеъмоли муаммоси жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётганини очиб берди.
Саноатлаштириш рамзи, техник ва технологик ютуқлар намойиши учун очиқ платформа ҳисобланган ЭКСПО кўргазмаси миллионлаб одамлар эътиборини тортди, унга 5 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди.

Мамлакатимиз кўргазмада самарали иштирок этди. Умумий майдони 1 минг 180 квадрат метрни ташкил этган павилёнга минглаб меҳмонлар, мутахассислар ташриф буюрди. Юртимизнинг автомобилсозлик, юқори технологиялар, робототехника, туризм, аграр соҳаларда эришган ютуқлари акс эттирилган стендлар уларда катта қизиқиш уйғотди. Истиқболли ҳамкорликка оид қатор шартномалар имзоланди. 5-сентябр куни Ўзбекистон миллий куни ўтказилди.

“Астана ЭХПО – 2017” кўргазмасининг ёпилиш маросимида бу йилги тадбир 1851-йилдан буён анъанавий ўтказиб келинаётган халқаро ярмарканинг мантиқий давоми бўлгани, дунё халқларини бирлаштиришга катта ҳисса қўшгани, уни ўтказиш ва ярмаркада иштирок этиш истагини билдираётган мамлакатлар сафи тобора кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Халқаро ихтисослашган кўргазманинг расмий ёпилиш маросими театрлаштирилган концерт дастури ва мушакбозлик билан ниҳоясига етди.

Навбатдаги халқаро ихтисослашган кўргазма 2020-йил Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилади.

Манба: mfa.uz

Изоҳ билдириш