17381

Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити очилди

Дунё 10 сентябрь 14:07 294

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Мустақиллик саройида Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев кутиб олди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар делегация раҳбарларининг расмий суратга тушиш маросими бўлди.

Саммитни Президент Нурсултон Назарбоев очди. Қуръон тиловат қилинди.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу нуфузли саммити “Фан, технологиялар, инновациялар ва ислом оламини модернизация қилиш” мавзуида ўтаётгани билан аҳамиятлидир.

Маълумки, 2016 йил 18 октябрда Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтган, “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори унинг асосий ғояси этиб белгиланган эди. Шу маънода, Остонадаги саммитни Тошкентда ўтган сессиянинг мантиқий давоми, дейиш мумкин.

Анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Фан ва технологиялар бўйича саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат 80 га яқин делегация иштирок этмоқда.

Саммит якунида Остона декларацияси имзоланиши кутилмоқда.

Изоҳ билдириш