47836

Қирғизистон президенти: «қариндошларим» ҳаддан ташқари кўпайиб кетди, уларни қамаш керак

Дунё 24 сентябрь 10:08 836

Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбеков охирги вақтларда сони кўпайиб кетган «қариндошлар»ни қамаш вақти келганини айтди, деб хабар қилди Sputnik.

Қирғизистон раҳбарининг сўзларига кўра, у мамлакатга раҳбар бўлганидан бери «қариндошлари» ва «дўстлари» сони кўпайиб қолган.

Сал олдин Қирғизистон президенти матбуот хизмати Жеенбеков 20 сентябрь куни Чуй вилоятининг Кемин туманига ташриф уюштиргани ва у ерда маҳаллий аҳоли билан учрашгани ҳақида хабар берган эди.

Президентнинг шахсий оператори Улан Сатиев Facebook ижтимоий тармоғида Жээнбеков ўзининг «сиёсатдаги қариндошлари» ҳақида гапирган видеони жойлади.

Қирғизистон президенти ўз нутқи давомида, хусусан, қариндошларининг давлат ишларига аралашишига йўл қўймаслиги ҳақида айтиб, ишонтирган.

«Айтишларича, Жээнбеков Боқиевдай бўлибдимиш, гўё менинг ҳам қариндошларим ҳокимият тепасига келгани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Мен сизларга айтиб қўяй, қариндошларимни ўз ишларимга аралаштиришга одатланмаганман. Менинг бош мақсадим — тинчгина ишлаш ва муддатим тугаши билан ҳокимиятни топшириш. Шунингдек, мен мутлақо танимайдиган «қариндошларим» ва «дўстларим» ҳам пайдо бўлибди. Улар врач қабулига тезроқ кириш ёки аллақандай мансабни эгалламоқчи бўлганларида менинг исмимни айтаётган экан. Мен, уларни тезроқ қамоққа олишларини талаб қиламан», — деб қайд этган президент.

Қирғизистон раҳбари, шунингдек, ўғли ҳеч қачон Максим Боқиевга ўхшамаслигини, бугунги кунда у энди тўртинчи синфга ўтганини қўшимча қилган.

Изоҳ билдириш