996

Демография: Россиянинг куни мигрантларга қолади

Дунё 17 март 9:40 419

«Кommersant» нашрининг ёзишича, яқин келажакда Россия аҳолисининг камайишини фақатгина мигрантлар ҳисобидан тўлдириш мумкин бўлади. Аммо бунга Россия ҳукумати ҳам, жамияти ҳам тайёр эмас. Олий иқтисодиёт мактаби ҳузуридаги Демография институти раҳбари Анатолий Вишневский ана шундай фикр билдирди.

Унинг айтишига қараганда, 2025 йилга бориб Россияда меҳнатга лаёқатли (20-64 ёшдаги) аҳоли сони 5 фоизга камайиб, 60 фоизга тушиб қолади. Бу 94 миллион киши ўрнига 84 миллион киши қолади деганидир. Шунинг баробарида аҳоли қариб бормоқда. Айни пайт 20-39 ёшлилар аҳолининг 52 фоизини ташкил этмоқда, 2020 йил охирида эса бу кўртсаткичнинг 42 фоизга тушиши кутилмоқда.

Бундай ўзгаришлар оқибатида ҳар бир ишлаётган кишига тушадиган демографик юк ортади. Ҳозир ишлаётган ҳар 100 россияликка 56 нафар кекса ва болалар тўғри келмоқда. 2025 йилда эса кексалар ва болалар сони 71, 2030 йилда 76 нафарга етади.

Мазкур ҳолатни туғилишнинг кўпайиши орқали ҳал этиш мумкин, бироқ айни пайт репродуктив аёллар сони ҳам камаймоқда. 2010-2012 йилларда 20-40 ёшдаги аёллар сони 40 миллион атрофида эди, 2030 йилда эса бу кўрсаткич 7-8 миллионга камаяди.

Анатолий Вишневскийнинг фикрича, Россия демографиясини яхшилаш учун мазкур мамлакатга миграция оқимини йилига 500 минг кишига етказиш, уларнинг интеграцияси учун ҳукумат пухта ўйланган миграция сиёсатини ишлаб чиқиши лозим.

Изоҳ билдириш