10385

Британия Мусулмонлар кенгаши Лондондаги террорчилик ҳужуми юзасидан баёнот берди

Дунё 19 июнь 16:58 328

Буюк Британиядаги мусулмонлар ва исломий ташкилотларнинг бошқарув органи ҳисобланган Британия Мусулмонлар кенгаши кеча тунда Лондонда содир бўлган террорчилик ҳужуми юзасидан баёнот берди. Тасс нашрининг хабар беришича, ташкилот бош котиби Ҳорун Хон номидан эълон қилинган баёнотда британиялик мусулмонлар тинчланишга даъват қилинган.

“Ўтган бир неча ҳафта ва ойлар давомида мусулмонлар кўплаб исломофобик тўқнашувларга сабр қилишди. Бу исломофобиянинг ҳозирча энг сўнгги шафқатсиз намойиши бўлиб қолмоқда”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, мусулмонлар кенгаши баёнотида яқинлашиб келаётган Ҳайит байрами муносабати билан масжидлар атрофида хавфсизлик чораларини кучайтириш сўралган: “Рамазон ойи охирлар, Ҳайит тантаналари яқинлашиб келар экан, кўплаб мусулмонлар маҳаллий масжидларга ташриф буюришади. Биз ҳукуматдан зудлик билан масжидлар ташқарисида хавфсилзик чораларини кучайтиришларини кутиб қоламиз”.

Мусулмонлар кенгаши бошқа мусулмонларни тинчланишга ва полиция воқеани ўрганиши учун имкон беришга чақирган: “Тергов барча фактларни аниқлашга киришган экан, шунингдек, Рамазоннинг сўнгги кунлари давом этар экан, барчани тинчланишга ва жабрланганлар ҳаққига ҳамда адолат қарор топиши учун дуо қилишга чақирамиз”.

Эслатиб ўтамиз, кеча ярим тунда Лондондаги Финсбури Парк масжидида тунги намозни адо этиб чиққан мусулмонлар устига юк машинаси бостириб бориши натижасида 1 киши ҳалок бўлган ва 10 киши жароҳат олган. Полиция террорчилик ҳужумини тафтиш қилмоқда. Юк машинасини бошқарган ҳайдовчи воқеа жойида мусулмонлар томонидан қўлга олиниб, полицияга топширган.

Ҳайдовчи «барча мусулмонларни ўлдирмоқчи»лигини айтиб, ҳайқиргани айтилмоқда. 48 ёшли террорчининг шахси ошкор қилинмаган. Дасталаб, гувоҳлар машинада уч киши бўлгани ҳақида айтишган эди. Полиция қўлга олинган теракт ижрочисидан бошқа гумондорни қидирмаётганлигини маълум қилган.

Изоҳ билдириш