“Аллоҳ Таоло “рўзадорга рўзасининг савобини ўзим бераман” дейди. Демак, рўзадорга бериладиган мукофотнинг ҳеч бир чегараси йўқ. Унинг ўлчами йўқ. Уни қанчалик эканини фақат Аллоҳ Таоло билади.
Рўзадор қачон шундай мукофотга сазовор бўлади? Рўзадор фақат ейишлик-ичишликдан ўзини тийишда эмас, қўли билан, тили билан бировга озор беришлик, ғийбатдан, чақимчиликдан, ёки ҳаракати ва ҳолати билан бошқаларга озор беришдан тўхтагандагина рўзаси комил ва мукаммал бўлади ҳамда Аллоҳ Таолонинг юқорида айтилган мукофотига сазовор бўлади.
Мана республикамиз бўйлаб 1115та масжидда Хатми Қуръон бўляпти. Тошкент шаҳарнинг ўзида 112та масжидда Қуръон хатм қилинмоқда. Энди Тошкент шаҳри пойтахт бўлгани сабабли, қайси масжидга борсангиз жой йўқ, одамлар гавжум. Ана шундай вақтда, мўмин-мусулмонлар автоуловларни жойларига қўйишда тартиб билан, рўзадорлигини эсдан чиқармасдан, яъни бошқа ҳаракатнинг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда одоб билан, йўл ҳаракатини тартибга солаётган ходимларнинг сўзларига қулоқ тутиб, иш қилса, рўзаси янада мукаммал бўлади.
Бизнинг шундай дуоларимиз ижобат бўладиган кечалардаги илтимосимиз шуки, қолдирилган автоуловларимиз ҳеч кимга халал бермасин. Ана шунда қилган дуоларимиз ҳам ижобат, тутган рўзаларимиз ҳам қабул бўлади”, – дедилар муфтий ҳазратлари.