55538

Такрорий сайлов қачон бўлиб ўтиши маълум қилинди

Ўзбекистон 25 декабрь 15:05 1 195

Ўзбекистон парламент сайловлари доирасида такрорий овоз бериш жараёни 2020 йил 5 январь куни аввал эълон қилинганидек 22 та эмас, балки 25 та сайлов округида ташкил этилади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси (МСК)да 25 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда эълон қилинди.

23 декабрь куни парламент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қиларкан, МСК раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов 150 та округнинг 128 тасида депутатлар сайлангани, 22 та округда номзодларнинг бирортаси 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмагани сабаб (улар орасида “Миллий тикланиш” партияси етакчиси ҳам бор), такрорий овоз бериш ўтказилишини маълум қилганди.

25 декабрда ўтказилган мажлисда маълум қилинишча, сайлов округлари бўйича сайлов натижаларини аниқлашга доир барча баённомалар ўрганиб ва таҳлил қилиб чиқилганида, айрим сайлов округлари бўйича овозларни ҳисоблаш жараёнида округ сайлов комиссиялари томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.

“Камчиликлар Сайлов кодексининг 95-моддасида кўрсатилган бандлар бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ва ҳисоблаш билан боғлиқ бўлиб, сайловчиларнинг овозлари сони ўзгармаган. Камчиликлар Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайлов кодексида белгиланган тартибда бартараф этилди”, дейилади МСК баёнотида.

Хатоликлар Самарқанд вилояти 67-Пастдарғом сайлов округи ҳамда Фарғона вилояти 102-Яйпан ва 106-Бағдод сайлов округларида қайд этилган. Арифметик хатолик сабаб ушбу округлардан сайланган деб топилган Азамат Пардаев (“Миллий тикланиш”), Мавлудахон Хўжаева (ЎзЛиДеП) ва Гулбаҳор Саидғаниева (“Адолат”) иккинчи турга қолдирилган.

Маълумот учун: Азамат Пардаев ва Мавлудахон Хўжаева амалдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари саналади, Гулбаҳор Саидғаниева эса “Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг собиқ матбуот котиби.

Шундай қилиб, ҳозирча ЎзЛиДеПдан — 42 нафар, “Миллий тикланиш” партиясидан — 34 нафар, “Адолат” партиясидан — 20 нафар, Халқ демократик партиясидан — 18 нафар, Ўзбекистон Экологик партиясидан — 11 нафар депутат рўйхатга олинган. Уларнинг рўйхати 26 декабрь куни МСК расмий веб-сайти ҳамда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида эълон қилиниши кутилмоқда.

Изоҳ билдириш