9 декабрь куни пойтахтдаги “Бунёдкор” стадионида Тошкент шаҳар ИИББнинг хизмат қилишда юксак натижаларни кўрсатган бир гуруҳ ходимларини моддий мукофотлар билан рағбатлантириш тадбири бўлиб ўтди.
Хусусан, яқинда Тошкент руҳий касалликлар шифохонасидан қочган 3 нафар хавфли жиноятчини аҳолига зиён-заҳмат етказмасдан ушлашда жонбозлик кўрсатган ходимлар ҳамда бошқа ички ишлар идоралари вакиллари мукофотландилар. Бу ҳақида UZ24 хабар берди.
Тошкент шаҳар ИИББ пост-патрул хизмати бригада бошлиғи ўринбосари, подполковник Муродилла Алиқориев:
— 2017 йилнинг 20 ноябрь куни Олмазор туманида жойлашган руҳий касалликлар шифохонасидан 3 нафар бемор қочиб кетган эди. Биз бу ҳақда тезкор хабар олганимиздан сўнг, бошқарма бошлиғи томонидан кўрсатмалар берилди ва унга шахсий таркиб йўналтирилди. Воқеа содир бўлган вақтдан 4 соат ўтиб, қочиб кетганларнинг 2 нафари Олмазор метро бекатида ушланди. Учинчи шахсни қидирув ишлари кечаю кундуз давом эттирилди. У ҳам қидирувнинг эртаси куни Чилонзор туманидаги савдо марказлари атрофида қўлга олинди. Хавфли жиноятчини ушлаш жараёнида у қочишга уринди ва ёнида бўлган пичоғи билан менга ташланди, оқибатда тан жароҳати олдим. У яна қочиб кетишга уринди, лекин унинг ортидан 100 метрлар чамаси қувлаб етдик ва қуролсизлантириб, қўлга олишга эришдик.
Муродилла Алиқориев ушбу хизмати учун 1 млн сўм пул мукофоти билан рағбатлантирилди.