Судьяларнинг олий малака ҳайъати ва судьялар малака ҳайъатларининг 2017 йилнинг ўтган давридаги ишлари, соҳадаги муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида судьялар томонидан одоб-ахлоқ кодексига риоя этиш устидан назоратни кучайтириш зарурли таъкидланди, деб хабар қилди Ўзбекистон Ҳукумат портали.
Эслатиб ўтамиз, 13 июн куни ўтказилган суд тизимига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги керак. Адолат ва маънавият — ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди», — деб таъкидлаган эди.
Судьяларни танлаш ва лавозимига тайинлаш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ана шу талаблар асосида фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, Судьяларнинг олий малака ҳайъати, шунингдек, судьяларнинг малака ҳайъати раислари, аъзолари ва котиблари иштирок этган тадбирда асосий эътибор 2017 йил 13 июнда суд тизими ходимлари билан учрашувда Мирзиёев қўйган вазифалар ижросига қаратилди.
Судьялик лавозимларга номзодлар энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлаб олинмоқда. Судьяни кейинги муддатга тайинлашда унинг суд қарорларини қонуний ва адолатли чиқарганлиги, ишда қатнашган томонларнинг важларини синчиклаб, холис ва беғараз ўрганиб тўғри хулоса бериши таҳлил қилинмоқда. Судья фаолият олиб борган ҳудудда яшаётган аҳолининг, хусусан, судга иши тушган одамлар, кенг жамоатчиликнинг фикри ҳисобга олинмоқда.
Суд раислари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бермоқда. Улар томонидан берилаётган тавсифнома Судьялар олий кенгаши учун судья фаолиятига баҳо беришда асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.