903

“ЯГОНА ДАРЧА” – ТАДБИРКОРЛАР СУЯНЧИ

Узбекистан 16 март 9:49 545

“ЯГОНА ДАРЧА” – ТАДБИРКОРЛАР СУЯНЧИ
Мамлакатимизда янада қулай ишбилармонлик муҳити яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар юксак самаралар бермоқда.

Президентимизнинг 2017-йил 1-февралдаги “Тадбиркорлик субектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастур бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжат билан тадбиркорларга давлат хизмати кўрсатадиган “Ягона дарча” марказларини бошқаришнинг самарали тизими яратилди, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерпўлат Бойқулов. – Шунга мувофиқ, адлия идоралари марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилиб, тадбиркорлик субектларига давлат хизмати кўрсатишга оид қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади. Бу марказ фаолиятини бошқариш ва давлат органлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. “Ягона дарча” марказлари томонидан 16 турдаги рухсатномаларни бир жойнинг ўзида расмийлаштириш амалиёти турли сансоларликларнинг олдини олиб, ишбилармонларнинг вақти ва маблағини тежаётганидан тадбиркорлар жуда мамнун.

Тадбиркорлик субектларига давлат хизмати кўрсатиш механизми янада такомиллаштирилаётгани “Ягона дарча” марказларини хусусий секторнинг ишончли таянчи ва суянчига айлантирмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун талаб юқори бўлган 86 турдаги қўшимча рухсатнома ва лицензияларни “Ягона дарча” маркази орқали расмийлаштириш механизми босқичма-босқич жорий этилаётир.

Хусусий секторнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани Сурхондарё вилоятида замонавий саноатни ривожлантириш учун қулай муҳит, кенг имконият яратмоқда. Бу маҳаллий хомашйодан рақобатбардош, сифатли, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор буюмлари, қурилиш материаллари, мебел ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, чарм-поябзал, енгил саноат тармоқларини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш кўлами ва сифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 10 мингдан ортиқ кичик бизнес субекти рўйхатга олинган. Ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнеснинг улуши 75,3 фоизга етди. Бу кўрсаткич қурилиш ишларида 87,3, жами хизматларда 78,3, саноат маҳсулотларида 44,5 фоизни ташкил этмоқда.

Қарорда давлат хизмати кўрсатиш сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш юзасидан муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилгани соҳада турли бюрократик тўсиқлар ва расмиятчиликнинг вужудга келишига чек қўяди. Давлат хизматларининг очиқлигини таъминлайди. Ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда кичик бизнеснинг улушини янада оширади.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг биринчи чорагидан ишга туширилаётган “Лицензия” ахборот тизимлари мажмуаси ҳам тадбиркорлар учун янада қулайлик бўлади. Бу тегишли давлат органига бормасдан туриб, “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматларини электрон шаклда олиш, рухсатнома ва лицензия олиш тартиби ва муддатлари ҳақидаги, шунингдек, рухсатнома ва лицензия реестридаги маълумотлардан масофадан туриб фойдаланиш учун қулай шароит яратади. “Ягона дарча” марказлари орқали кўрсатилаётган давлат хизмати бўйича рухсатнома ва лицензия бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш жараёни ва натижасини, қаерда ва қай тарзда мурожаат этганидан қатъи назар, кузатиш имконини беради. Натижада хусусий сектор вакилларининг давлат идораларига ишончи мустаҳкамланиб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қўшимча рағбат уйғотади. Маҳаллий хомашйодан экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган кўплаб янги корхоналар ташкил этилади.

Айни пайтда “Комфорт Инерт Сервис” масъулияти чекланган жамияти Термиз шаҳрида гранит ва габбро тошлардан қурилишбоп пардозлаш плиталари, “Термиз таъминот” масъулияти чекланган жамияти ғўзапоя ва қамишдан ДСП, “Ҳуашен Силкwорм Про” қўшма корхонаси Ангор туманида ипак қурти уруғи тайёрлаш, “Термиз Агро Фиш Экспорт” агрофирмаси Термиз туманида балиқ етиштириш ва қайта ишлаш каби йирик лойиҳаларни амалга ошираётгани ҳам мамлатимизда хусусий секторга кўрсатилаётган эътибор ва қулай ишбилармонлик муҳити яратилаётгани самарасидир.

Қарорга мувофиқ, 2018-йил 1-январдан “Ягона дарча” марказлари орқали тақдим этиладиган лицензия ва рухсатномаларни қоғоз шаклидаги махсус бланкаларда мажбурий расмийлаштириш бекор қилинади. Берилган, тўхтатиб қўйилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган, амал қилиши тугатилган рухсатнома ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотлар бевосита “Лицензия” ахборот тизимлари мажмуаси орқали олинади. Бундай кенг қамровли чора-тадбирлар тадбиркорлик субектларига давлат хизмати кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтариб, миллий иқтисодиётимизни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Ижтимоий тотувликни янада мустаҳкамлаб, юртимизда тинчлик, барқарорлик ва оилалар ободлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

 

 

“Jahon”A.A

Изоҳ билдириш