1700

Ўзбекистонда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланади

Долзарб | Узбекистан 28 март 9:53 3 164

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 27 март куни «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорга имзо чекди.

Республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг100 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Нуроний” жамғармаси, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва жамоатчилик вакилларининг халқимизнинг оташқалб фарзанди Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини мамлакатимиз миқёсида кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига мувофиқ Жиззах вилояти Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилгани маълумот учун қабул қилинсин.

3. Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита деб аталади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ташкилий қўмита бир ой муддатда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

Ушбу режада:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ва ҳайкалини ўрнатиш;

халқимиз, айниқса, ёш авлодимизни атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Жиззах шаҳрида унинг мемориал уй-музейини ташкил этиш ва музей ҳудудини ободонлаштириш;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адибнинг “Сайланма” китобини;

Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижтимоий-ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази билан ҳамкорликда “Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон тарихида тутган ўрни” мавзусида илмий конференция ўтказиш;

мамлакатимиздаги олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида хотира тадбирлари ташкил этиш;

2017 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Жиззах ва Тошкент шаҳарларида Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечасини ўтказиш тадбирлари назарда тутилсин.

5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 27 март

 

  • Ориятли, ватанини, халкини уйлаган одам булган. Мен бу кишининг фаолиятини иложи борича тушунишга харакат килиб рус тилида булса хам 5 томли китобининг 3 томини укиб чикдим.1 Победители 2Сильнее бури 3 Могучая волна,Кашмирская песня. Книга двух сердец. Колган 2 томини топа олмадим.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар