10932

Фидя ва фитр садақаси нима ва улар кимларга берилади?

Жамият 23 июнь 14:37 10 926
Фидя ва фитр садақаси нима?

Савол : Фидя ва фитр садақаси нима ва улар кимларга берилади?

Жавоб: Рамазон ойи тугаб, ҳайит кунининг тонги ёришиши билан фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Фитр садақаси, уни Рамазон ойи ичида берган киши зиммасидан соқит бўлади. Фитр садақаси миқдори буғдой ёки майиздан икки кило, хурмо ёки арпадан тўрт килодир. Фитр садақаси аслий эҳтиёжидан ортиқ кумуш закоти нисоби миқдоридаги мулки бўлган мусулмонларга вожибдир. (Яшаш учун зарурий, иш қуроллари аслий эҳтиёж ҳисобланади). Улар ўзлари ва балоғатга етмаган фақир болалари номидан фитр садақасини беришлари керак. Хотини, катта ёшдаги болалари ва бой фарзандлари учун беришлари шарт эмас. Фитр садақаси вожиб бўлиши миқдоридаги мулкка эга киши фарз садақа ололмайди. Унга қурбонлик ва яқин қариндошларининг нафақаси ҳам  вожиб бўлади. Фитр садақаси уни бермаган одам зиммасидан соқит бўлмайди. Уни рамазон ойидан кейин ҳам бериши лозим (“Муҳтасарул виқоя”).

Кундан – кунга қувватдан кетиб борадиган, қайта кучга тўлмайдиган қариялар, тузалишига умид бўлмаган беморлар рўза тутмаслигига шариатимиз рухсат беради (“Баҳрур  роиқ”). Улар Рамазоннинг  ҳар бир куни учун фитр садақаси миқдорида мискинларга фидя беришади (“Ҳидоя”).

Улар истасалар, фидяларининг ҳаммасини бир қилиб , Рамазон ойининг бошида ёки охирида беришлари мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”).

Агар улар  фидя беришганидан кейин қувватга тўлиб, рўза тутишга кучлари етадиган бўлиб қолишса, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари керак (“Ниҳоя”).

Фидя ва фитр садақа закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади. Фитр садақани зиммийларга ҳам бериш мумкин.

“Сўраган эдингиз…” 

Усмонхон Алимов

Изоҳ билдириш