892

ТАТУга ал-Хоразмий номи берилди

Узбекистан 15 март 21:50 130

Ўзбекистон Президентининг «Тошкент ахборот технологиялари университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига Тошкент Ахборот Технологиялари институтига ал-Хоразмий номи берилди, деб хабар қилмоқда Университет расмий сайти.

Мазкур қарор билан Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад ал-Хоразмий номи берилди, шунингдек, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб Университетда улуғ аллома номини абадийлаштириш ҳамда унинг буюк ва бебаҳо меросини кенг ўрганиш билан боғлиқ қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланди», — дейилган олий ўқув юрти саҳифасида эълон қилинган хабарда.

Президент Қарорида, шунингдек, Университетнинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендияни жорий этиш, университет қошидаги «Дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш маркази» ўрнида «Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази» ва Илмий-инновацион ривожлантириш жамғармаси ташкил қилиш зарурлиги ҳам кўрсатиб ўтилган.

Қабул қилинган қарорнинг яна бир муҳим аҳамияти шундан иборатки, ТАТУ ҳузурида университет учун ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва чоп этиш, хорижий адабиётларни харид қилиш, ал-Хоразмий стипендияси ҳамда «Муҳаммад ал-Хоразмий авлодлари» журналини молиявий қўллаб-қувватлаш ва бошқа бир қатор ҳаражатларни қоплаш бўйича Илмий-инновацион ривожланиш жамғармаси ташкил этилади. Уяли алоқа компанияларининг абонент рақамларидан фойдаланганлик учун тўловларининг 1 фоизи миқдоридаги маблағлари ва бошқа тушумлар мазкур жамғарманинг молиявий асосини ташкил этади.

Дастурий маҳсулотлар ва аппарат дастурий мажмуалар яратиш марказини университет қошидаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион марказ этиб қайта ташкил этиш белгиланган. ТАТУ талабаларини жалб этган ҳолда Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи соҳалари ва секторларининг реал талаблари ҳисобга олиниб ички ва ташқи бозорда рақобатбардош сифатли миллий дастурий маҳсулотларни тайёрлаш марказнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Бугунги кунда Тошкент Ахборот Технологиялари университетда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, компютер инжиниринги, дастурий инжиниринг, почта алоқатехнологиялари каби ўнлаб таълим йўналишлари бўйича ўн мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Университет филиаллари Самарқанд, Фарғона, Қарши, Урганч, Нукус шаҳарларида фаолият кўрсатмоқда.

Изоҳ билдириш