13094

Ўзбекистонда ҳалол ва самарали меҳнат қилган шахсларга кўкрак нишони топширилади

Узбекистан 18 июль 10:14 561

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Меҳнат фахрийси» нишонини таъсис этиш тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Ушбу кўкрак нишони билан Ўзбекистоннинг иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги инсонлар тақдирланадилар.
Шунингдек, кўкрак нишони ишламасдан, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятда ҳурмат қозонган оналарга ҳам топширилади.
«Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларига «Меҳнат фахрийси» белгиси ўрнатилади.

Ҳужжатга мувофиқ:

I даражали кўкрак нишони билан камида 35 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;
II даражали кўкрак нишони билан камида 30 йиллик меҳнат стажига эга шахслар;

III даражали кўкрак нишони билан камида 25 йиллик меҳнат стажига эга шахслар, шунингдек, жамиятда ҳурмат қозонган ишламайдиган оналар тақдирланадилар.

I даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида, II даражали кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.

Кўкрак нишони, унинг гувоҳномаси ва пул мукофоти «Наврўз» байрами арафасида «Нуроний» жамғармаси Васийлик кенгашининг раиси (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Кўкрак нишони билан мукофотланган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда тиббий хизматдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

Изоҳ билдириш