9687

Ўзбекистон Президенти: «Бундан кейин судьялар фаолиятига биринчи навбатда халқ баҳо беради!»

Ўзбекистон 13 июнь 22:42 1 027

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни мамлакатдаги суд органларининг адолатли фаолиятини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Бу ҳақида «Ахборот» дастурида хабар берилди.

Унда қўлга киритилган натижалар билан кифояланибгина қолмасдан, соҳа ривожига танқидий ёндашиш, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган бир-биридан муҳим ва долзарб вазифаларни самарали ҳал қилиш йўллари ва механизмлари ҳақида билдирилган аниқ таклифлар, амалий ташаббуслар асосида суд идоралари, судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Кейинги пайтда мамлакатимиз фуқаролари томонидан Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг катта қисми айнан суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ экани, бу йўналишда муаммолар мавжудлигидан далолат беради, дейилди йиғилишда.

Шавкат Мирзиёев адолат тамойилларига нечоғлик амал қилинаётганига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Асосий мақсадимиз – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантиришдан иборатдир», – деди давлатимиз раҳбари.

«Фуқаролар адолатни қарор топтириш умидида ойлаб, йиллаб сарсон-саргардон бўлиб, Президентга мурожаат қилмоқда. Шунинг ўзи судлар фаолиятига халқ томонидан берилаётган холисона баҳо эмасми?! Бундай ҳолатларга қатъий чек қўйиш вақти келди! Судьялар Олий кенгаши судьялар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувга барҳам бериш, айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлаш юзасида бир ой муддатда таклиф киритсин! Бир одам аралашдими, унга жазо муқаррар! Қандай оғир бўлмасин, шу қарорни қабул қиламиз», – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Мажлисда адолат ва маънавият тушунчаларнинг ўзаро чамбарчас боғлиқ эканига алоҳида урғу берилди. Судьялар ва юрист кадрларни тайёрлашда шу жиҳатга ҳам эътибор қаратиш замон талаби экани таъкидланди. Айнан маънавий фазилатларнинг етишмаслиги туфайли баъзи судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш ҳолатларининг учраши қайд қилинди, адолатсиз қарорлар қаттиқ танқид қилинди.

«Охирги йилларда қарийб 50 нафар судья жиноий жавобгарликка тортилди. Жорий йилнинг ўтган 6 ой давомида 7 та судья жиноятга қўл урди… Асосий вазифа ва бурчи адолатни қарор топтириш бўлган судья шундай қилиб турса, одамлар додини кимга айтсин?!»

Олий Суд кенгаши олдига бундай камчиликларни бартараф этиш вазифаси қўйилди. Шу мақсадда илгари сурилган муҳим бир фикр – ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиш ҳақидаги таклиф мажлис иштирокчилари томонидан тўлиқ маъқулланди. Шунингдек судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётни йўлга қўйиш вақти келгани уқтириб ўтилди. «Бундан кейин судьялар фаолиятига биринчи навбатда халқ баҳо беради», – деди давлат раҳбари.

Изоҳ билдириш