9468

Шавкат Мирзиёев: Рамазон ойида бундай ишларни бошлаш ҳар жиҳатдан хайрли

Ўзбекистон 12 июнь 12:39 313

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Президентига Самарқандда бунёд этилаётган Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказининг умумий концепцияси, атрофини ободонлаштириш бўйича қилинадиган ишлар лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

Лойиҳаларда мажмуа атрофини ободонлаштириш, йўлларни кенгайтириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш ва таъмирлаш лозимлиги ўз аксини топган.

«Муборак Рамазон ойида бундай эзгу ишларни бошлаш ва амалга ошириш ҳар жиҳатдан хайрли ва мақсадга мувофиқдир. Пок ниятлар билан бошлаган ишимиз ўз мевасини беради. Яна бир жиҳатга алоҳида эътибор бериш керак. Имом Бухорий мажмуасига зиёратга келувчилар марказга ҳам киради, улар ҳақиқий ислом таълимоти тўғрисида керакли маълумотлар олсин.»- деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумотларга кўра, «янги марказ ислом маданияти ва қадриятларини тарғиб қилиш, ёшларимизни турли ёт ғоялардан асраш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, комил инсон бўлиб етишиши, навқирон авлоднинг қалбида буюк аждодларимизга муносиб бўлишдек юксак туйғуларни шакллантиришга хизмат қилади».

Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти 8—9 июнь кунлари Остона шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказининг ташкил этилиши миллатлараро, маданиятлараро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишини алоҳида таъкидлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажар билан учрашув бўлиб ўтган, унда Ўзбекистон билан Ислом тараққиёт банки ўртасида Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказини ташкил қилиш бўйича Англашув меморандуми имзоланган эди.

Изоҳ билдириш