8718

Президент спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорини имзолади

Ўзбекистон 4 июнь 23:19 2 367

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев «Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги янги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон» телеканали «Ахборот» дастурида ўқиб эшиттирилди.

Қарорда мамлакатда аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратилгани, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва мақсадли тайёрлаш ишларини тизимли ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани, ўқувчи ва талабалар орасида тобора оммалашиб бораётган «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», «Универсиада» спорт мусобақалари ёшларни оммавий тарзда спортга, соғлом спорт тарзига ошно қилишнинг самарали воситасига айлангани таъкидланган.

Қарорда айтилишича, кейинги 5 йилда республикада жисмоний-тарбия ва спортни ривожлантириш, шунингдек, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун бюджетдан 1 трлн 230 млрд сўм маблағ ажратилган.

Шу билан бирга бугунги кунда аҳолининг барча қатламларини жисмоний-тарбия ва оммавий спорт билан қамраб олиш, барча ҳудудларни жисмоний-тарбиянинг аҳамиятини фаол тарғиб этиш, ёшларга ўз истеъдодларини юзага чиқариш, улар орасидан спорт соҳасида алоҳида иқтидор эгаларини саралаб олиш, мақсадли тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш масалалари тизимли асосдаги ечимини кутаётгани таъкидланган. Қатор спорт муассасаларининг моддий-техник базаси замон талабларига жавоб бермайди, спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, қарорда мамлакатда оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишга фаол жалб этиш учун ҳудудларда спорт иншоотларини барпо этиш, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга йўналтирилган аниқ мақсадли вазифалар белгилаб берилмоқда.

Қарор билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастурига мувофиқ жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт комплексларини қуриш, уларни замонавий спорт ускуналари билан жиҳозлаш, мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, спорт мактабларини юқори малакали мураббийлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш йўналишларида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Дастур ижроси доирасида, хусусан, спорт турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг штатлар жадвалида спортчи лавозимини жорий этиш, спорт турларига ихтисослаштирилган мактабларда спорт тўгараги ва селекция бўйича тренер лавозимини киритиш, ўқувчи ва талаба ёшлар ўртасида ўтказиладиган уч босқичли «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», «Универсиада» спорт ўйинлари дастурларини спортнинг оммавий турлари ҳисобига кенгайтириш, нуфузини ошириш ва мусобақа ғолибларини муносиб рағбатлантириш тизимини тубдан такомиллаштириш каби қатор тизимли ишларни амалга ошириш назарда тутилган.

Дастур доирасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни яна ривожлантириш мақсадларида жами 995,2 млрд сўмдан зиёд маблағ сарфланиши кўзда тутилган бўлиб, шундан 706,2 млрд сўмдан ортиқ қисми ушбу йилларда жами 167та спорт иншоотлари, жумладан, 90та спорт мажмуаси ва 77та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашга йўналтиради.

Қарорнинг тўлиқ матни матбуотда эълон қилинади.

Изоҳ билдириш