8534

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги замонавий профессионал хизматга айлантирилади

Ўзбекистон 2 июнь 8:30 386

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизими самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар содир бўлганида ҳаракат қилиш бўйича яхлит давлат тизими ва унинг мувофиқлаштирувчи органи Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил этилди, соҳанинг зарур меъёрий-ҳуқуқий базаси шакллантирилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идораларнинг фавқулодда вазиятлар профилактикаси, уларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича имкониятларини мустаҳкамлаш борасида кўлами ва мазмунига кўра салмоқли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш борасида кўрилаётган чоралар тизими фаолияти самарадорлигининг таҳлили шуни кўрсатадики, республика аҳолиси ва ҳудудларини муҳофаза қилиш соҳасида бир қатор муаммоли масалалар мавжуд:

биринчидан – табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлардан аҳоли ва ҳудудлар хавфсизлигини таъминлашни прогнозлаш, хавфни баҳолаш, кузатиш ва назоратини амалга ошириш масалалари билан шуғулланувчи бир қатор ихтисослаштирилган муассасалар фаолият юритаётган бўлишига қарамасдан, фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлашнинг таъсирчан тизими яратилмаган, бунинг оқибатида зилзилалар, хавфли гидрометеорологик ҳодисалар, экзоген геологик жараёнлар, техноген хусусиятли авария ва ҳалокатларнинг таҳдидини ҳар томонлама таҳлил қилиш, уларнинг юз бериш хавфини аниқлаш тўлиқ амалга оширилмаяпти;

иккинчидан – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг амалдаги ташкилий-штат бирлиги ва шахсий таркибининг камлиги фавқулодда вазиятлар профилактикаси ва уларнинг оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларни кенг кўламли ва самарали амалга оширишни таъминламаяпти;

учинчидан – айрим шаҳар ва туманларда қуйи бўғин мавжуд эмаслиги ва ривожланмагани фавқулодда вазиятлар бўлимлари томонидан профилактик чора-тадбирларни мамлакатимизда тизимли равишда амалга оширишга имкон бермаяпти, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишда юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш борасида аҳоли билан кенг қамровли мулоқот олиб бориш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан самарали ҳамкорлик қилишни таъминламаяпти;

тўртинчидан – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг профессионал қутқарув отрядлари маъмурий марказларда жойлашгани олис туманларда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва улар содир бўлганда қутқарув отрядларининг жалб этилишида муайян қийинчиликлар туғдириб, уларни фақат фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларигагина жалб этиш билан чекланилади;

бешинчидан – ҳудудларда фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш, прогнозлаш, олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш масалаларига жалб этилиши лозим бўлган бошқарув органлари, куч ва воситаларни мувофиқлаштирувчи таъсирчан механизмлар мавжуд эмас;

олтинчидан – Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тузилмаларини замонавий авария-қутқарув техникалари, асбоб-ускуналари, анжомлари ва алоқа воситалари билан таъминлаш даражаси қониқарсизлигича қолмоқда;

еттинчидан – аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлар ва техноген авариялар хавфидан муҳофаза қилиш бўйича муаммоларни ҳал қилишда республиканинг илмий-тадқиқот салоҳиятидан амалда тўлиқ фойдаланилмаяпти;

саккизинчидан – фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш, уларнинг хавфи тўғрисида аҳолини хабардор қилиш ва огоҳлантириш, шунингдек, қутқарув ишларини олиб боришга жалб этилиши лозим бўлган куч ва воситаларни мувофиқлаштириш ва бошқариш ишларига замонавий ахборот-коммуникацион технологияларини жорий этиш ишлари суст олиб борилмоқда;

тўққизинчидан – аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими замонавий талабларга жавоб бермайди, келгусида ушбу соҳада ишловчи профессионал кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизими мавжуд эмас.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларига мувофиқ, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида:

Қуйидагилар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигини фавқулодда вазиятлар таҳдиди ва хавфини олдиндан бартараф этадиган, аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда ўз вақтида ва комплекс ёрдам кўрсатишга қаратилган фаолият олиб борадиган, унинг ҳар бир ходими “Ўз вақтида огоҳлантириш, қутқариш ва ёрдам бериш” шиори остида хизмат қиладиган мобиль, замонавий профессионал хизматга айлантириш;

аҳоли, биринчи навбатда, вояга етмаганлар ва ёшлар билан мулоқотларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тузилмасини такомиллаштириш, аҳоли ва ҳудудлар хавфсизлигига таҳдидлар, табиий ва техноген хусусиятли хавфлар манбалари мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, туман ва шаҳарлардаги куч ва воситаларни самарали тақсимлаш, аҳоли ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатувчи турли хизматларнинг тезкор ҳаракатини мувофиқлаштирувчи механизмларни яратиш;

фавқулодда вазиятлар содир бўлиши хавфининг чуқур таҳлилини ва аниқлашни назарда тутувчи фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва прогнозлаш тизимини такомиллаштириш, республика ҳудудларини сейсмик хавфлар, техноген авария ва ҳалокатлар манбалари бўйича районлаштириш;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиги, мол-мулкига хавфларни барвақт профилактика қилиш ва уларнинг олдини олиш, ҳаётий фаолиятни таъминловчи объектлар ва тизимларнинг барқарор ишлашини, таҳдидлар ва уларнинг келиб чиқиш омилларини олдиндан аниқлаш, бартараф этиш борасида аниқ чоралар кўриш, аҳолининг ушбу соҳада маълумотларга эга бўлиш даражасини оширишни таъминлаш;

Катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини ҳамда бехатар ишлашини назорат қилиш давлат инспекцияси, шунингдек, кичик ҳажмли кемаларни эксплуатация қилиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш ва сув ҳавзаларида одамлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат назорати ва кузатувини кучайтириш;

аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ваколатига эга раҳбарлар ва мансабдор шахслар томонидан оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда фуқароларни фавқулодда вазиятлар содир бўлганда ҳаракат қилишга тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш, шунингдек, вазирлик учун кадрларни шакллантириш тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, гидрометеорологик ва сейсмологик хизматларнинг моддий-техник таъминотини янада яхшилаш, ўқув ва илмий-техник базасини модернизация қилиш, илмий ходимлар, мутахассислар ва қутқарувчиларнинг самарали ишлаши учун муносиб шароитлар яратиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ташкил қилиш ва амалга оширишнинг барча босқичларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш;

фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга қаратилган мақсадли ва илмий-тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, улар юз берганда иқтисодиёт объектлари фаолияти барқарорлигини ошириш.

Изоҳ билдириш